Рус клублари ОЧЛда?!
Яқинда рус нашрларидан бирида каттагина мақола чоп этилди. Унда РПЛ клубларининг УЕФА таснифидаги мусобақалардан четлатилиниши сабабли бошқа халқаро турнирлардан бирида иштирок этиш имконияти ҳақида сўз боради. Эътиборлиси шундаки, россиялик ҳамкасбларимиз Осиё чемпионлар лигасини энг идеал вариант деб ҳисобламоқда. Келинг, championat.com сайтида эълон қилинган мақолага эътибор қаратамиз.
Россия клублари еврокубоклардан четлатилганидан хабарингиз бор. Катта эҳтимол билан, бу чеклов ҳали-бери олиб ташланмаса керак. Бу воқеа фонида турли хил вариантларни кўриб чиқиш ҳақида сўз бориши мумкин. Мисол учун, Александер Самедов рус клубларини ОЧЛда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди:
"ОЧЛ - бу ЕЧЛнинг аналоги. Унда иштирок этишимиз мумкин. Агар "Локо" ёки "Спартак" Осиёда ғалаба қозонса, бу катта ютуқ бўлади. Агар жиддийроқ ёндашсак, унда зафар қучиш осон бўлмайди".
Бир қарашда, Россия терма жамоасининг собиқ футболчиси билдирган фикрда жон бордек. Ҳозир бу энг актуал мавзу бўлиб турибди. Хўш, бу ҳақиқатга қай даражада яқин?
ОФК таркибига қўшилиш Россия учун ягона имконият?
Катта эҳтимол билан, Россия-Украина можароси якун топиши билан ҳам УЕФА рус клубларига лицензияларни қайтариб бермайди. Европа футболи раҳбарлари санкциялар қўллашда давом этиши ва босимни ошириши мумкин. Швеция, Польша сингари бошқа Европа давлатлари ҳам Россия терма жамоаси билан тўп тепишдан бош тортиши эҳтимоли йўқ эмас. Энг оптимистик версия сифатида клубларни нейтрал майдонда тўп тепишининг талаб этилиши келтирилади. Хўш, руслар бундай вазиятда УЕФАда қолишдан қандай наф кўради?
Жанни Инфантино ФИФА раҳбари сифатида Россияни ЖЧ саралашидан маҳрум қилган бўлиши мумкин, аммо шахс сифатида ОФКга ўтишига қаршилик қилмайди, назаримизда. Тўғри, бунинг учун Украина-Россия қарама-қаршилиги якун топиши шарт. Агар икки томон ўзаро келишувга эришса, ФИФА УЕФАдан фарқли ўлароқ, Россия футболига янги имконият тақдим этиши ҳақиқатга яқинроқ. Инфантино бу қарори билан худди бир ўқ билан икки қуённи ургандек фойда кўради. Европа билан жанжални олдини олади ва Россияни жаҳон футбол харитасида сақлаб қолади. Рус клублари ОЧЛда ҳаракат қилиши учун бундан бошқача вариант йўқ. ОФК ФИФАга бўйсунишини ҳисобга олсак, сиёсий аҳвол яхшиланиши билан бу "комбинация"ни амалга ошириш имконияти бор.
ОФКнинг уставларига кўра, Россиянинг Осиё футболига ўтиш имкони борми?
Осиё футбол конфедерацияси янги аъзоларни қўшиб олиш борасида қуйидаги талабларни қўяди:
"Ассоциация географик жиҳатдан Осиё қитъасида жойлашган бўлиши шарт. Агар ундай бўлмаса, бу мамлакат бошқа бирорта қитъа футбол бирлашмасига аъзо бўлмаслиги лозим. Бундай ҳолатларда ФИФАнинг қарори билан ОФК сафига яна бир ассоциация қўшилиши мумкин".
Шу каби ҳолат аввал ҳам бўлган. Масалан, Исроил 1954-1974 йиллар оралиғида ОФК доирасидаги мусобақаларда иштирок этган. Кейинчалик, араб мамлакатларининг жиддий эътирози сабабли ОФКни тарк этишга мажбур бўлган. 1994 йилга қадар ушбу юрт вакиллари бирорта конфедерациядан жой олмади. Орадан 20 йил ўтибгина, УЕФА аъзосига айланди. Шунингдек, Янги Зеландия ҳам қисқа муддат бўлса-да, Осиё футболидан "нафас олган". 1964-66 йилларда мамлакат футболи раҳбарлари Осиёда ўз омадини синаб кўришга қарор қилади. Кўп ўтмай, Океания футбол конфедерацияси ташкил этилгач, ўйлаб ўтирмай Осиёни ташлаб ортга қайтишган. Австралия эса, аксинча, Океанияни Осиёга алмаштиради. Қозоғистон футболи ҳам конфедерациямизни 2002 йилда тарк этиб, УЕФА томонга "ўтиб кетган". Бундай мисолларни кўриб, Россия футболи учун Осиё сўнгги чорадек туюлаётганини пайқашимиз қийин эмас.
РПЛдан нечта иштирокчи ОЧЛга қўшилади?
Рус клублари ушбу мусобақада бирданига фаворитлар қаторида кўрилмаслиги турган гап. Боз устига, рейтингдаги баллар инобатга олинадиган ОЧЛда 0 кўрсаткичга эга РПЛ аъзоларидан нари борса фақат биттаси саралаш ўйинларида иштирок этиши мумкин. Агар барчаси тахмин қилинган рельсда кетса, 2023 йилда РПЛ чемпиони ОЧЛнинг саралаш босқичидан курашга қўшилиши мумкин бўлади.
Шундай бўлса-да, Россия футболининг Осиёга ташриф буюришини ортга ташланган қадам, дейиш мумкин. Бу футбол иқтисодиёти учун чинакам регресс. ОЧЛ ғолиби қўлга киритадиган 4 миллион доллар ЕЧЛда иштирок учунгина тақдим этиладиган суммадан бир неча баробар кичикроқ. Бу ўз-ўзидан клуб бюджети қисқариб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Россия учун УЕФАда қолиш энг яхши вариант. ОФК - улар учун ортга ташланган қадам бўлиши аниқ.
Я . У
Фикрлар