Руслан Чагаев Майк Тайсон ҳамда Эвандер Холифилд билан жанг қиладими? Юртдошимиз жавоб берди
Профессионал бокс афсоналари Майк Тайсон ҳамда Эвандер Холифилд яна спортчилик фаолиятини тиклаб, кўргазмали жангларда иштирок этиш ниятида эканлигини билдирган эди. Айниқса, улар ўртасидаги учинчи баҳс ташкил этилиши борасида гап-сўзлар кўпайган.
Аввалроқ, собиқ ўзбекистонлик Олег Маскаев ҳамда Тайсон тўқнашуви борасида айтилганди. Хуллас, ҳар не бўлган тақдирда ҳам бокснинг тирик афсоналарини яна рингда кўришимиз мумкин. Маълумки, улар супер оғир вазн тоифасининг собиқ чемпионлари ҳисобланади. Мазкур вазнда ҳамюртимиз Руслан Чагаев ҳам фаолият олиб борган ва ўз вақтида WBA чемпионлик камарини қўлга киритган. Биз ушбу ватандошимизнинг профессионал бокс оламидаги мана шундай оламшумул воқеага муносабати ва унга Тайсон ҳамда Холифилд билан жанг қилиш таклифи билдирилса, қандай жавоб бериши борасидаги фикрига қулоқ тутдик.
- Ҳар иккиси жуда кучли, ўз вақтининг чемпионлари ҳисобланади. Афсонага айланган боксчилардир. Албатта, уларни яна рингда кўриш, ажойиб воқеа бўлар эди. Уларни жуда ҳурмат қиламан. Агар, менга шундай таклиф билан чиқишса, шубҳасиз, рози бўлардим. Чунки, бундай боксчилар билан жанг қилиш, мен учун шараф бўларди, дейди Чагаев.
Фикрлар