Рустам Қосимжонов: Аввал Нодирбек мутлақ биринчи рақам эди!

Жаҳон кубоги ва Вейк-ан-Зеедаги йирик натижалардан сўнг Ўзбекистон шахмати тарихидаги энг муҳим даврлардан бири бошланмоқда.

28 март – 16 апрель кунлари Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирида қатнашади. 15–28 сентябр кунлари эса Самарқанд Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасига мезбонлик қилади.

Рустам Қосимжонов ҳозир асосан миллий терма жамоа ва ўзбекистонлик шахматчилар билан ишламоқда. У йилнинг энг муҳим воқеаси ҳақида фикр билдирди.

"Номзодлар турнири жуда катта воқеа. Лекин бу йил энг асосий турнир — Олимпиада. Чунки у Ўзбекистонда ўтади ва биз учун жамоавий натижа биринчи ўринда.

Вейк-ан-Зее  (Тата Стеел 2026) ҳақида:

"Вейк-ан-Зее катта ва нуфузли турнир. Аммо айнан шу йил контекстида у энг асосий старт эмас. Йигитлар эса ўзлари ажойиб натижа кўрсатишди.

Нодирбек Абдусатторовнинг сўнгги ўсиши ҳақида:

"Менга шундай туюладики, уни Номзодларга чиқиш масаласи психологик сиқиб турган. У чиқолмагач, бу ҳақда ўйлашни тўхтатди ва шунчаки шахмат ўйнай бошлади — бу эса унинг энг кучли томони.

Ички рақобат ҳақида:

Аввал Нодирбек мутлақ биринчи рақам эди. Энди эса биринчи доска учун кураш кучайди. Рақобат спортчини кучайтиради.

Мураббий Синдаровнинг ўсишини алоҳида таъкидлади:

У ҳали жуда ёш, лекин жуда ишончли ўйнаяпти. Жуда кам хато қилади. Баъзан бошқаларга қараганда камроқ хато қилаётгандек туюлади.Ҳозирнинг ўзида у элита шахматчи. Агар форс-мажорлар бўлмаса, бу мақомни бутун фаолияти давомида сақлаб қолади.

Номзодлар турниридаги фаворитлар ҳақида:

Бундай турнирда мен учун асосий фаворит — Фабиано Каруана. Ҳозирча шундай. Иккинчи фаворити эса — Жавоҳир. Номзодларгача яна икки ой бор. Ҳамма ишлайди. Ким қандай ҳолатда эканини турнирнинг ўзи кўрсатади. Агар Жавоҳир жаҳон чемпионлиги учун матчга чиқса, бу Олимпиада билан тенг даражадаги вазифа бўлади. Лекин ҳозирча асосий старт — Самарқанддаги Олимпиада.

Ҳиндистон билан кучлар нисбати ҳақида:

Биз икки ва тўрт йил олдингидан кучлироқмиз. Ҳозирги ҳолатда Ҳиндистондан ҳам кучлироқмиз. Лекин бу ҳеч нарсани англатмайди. Олимпиадада 200 дан ортиқ жамоа ўйнайди. 5 таси олтин учун курашади, яна 30 таси исталган пайт сенсация қилиши мумкин. Жуда оғир турнир бўлади.

Синдаровга маслаҳат

Агар машина мукаммал ишлаётган бўлса, уни устага олиб бориб ўзгартирмайсиз. Ҳозир Жавоҳир айнан шундай формадаки, унга янги рецептлар керак эмас. Агар у Жаҳон кубоги ва Вейк-ан-Зеедаги савиясини сақлаб қолса, унга қарши курашиш жуда қийин бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!