Рустам Саидов: "Париж Олимпиадасида малайзиялик шогирдларим ҳам иштирок этади"

  • 13 апрель, 2021, 08:39
  • 0
  • Бокс

Собиқ боксчимиз, Олимпиада, жаҳон чемпионати бронза медалини қўлга киритган, Осиё чемпиоанти ҳамда Осиё ўйинлари ғолиби ва ҳозирда мураббий сифатида фаолият юритаётган Рустам Саидов Малайзияда иш бошлаган эди. 

Биз ушбу мутахассис билан боғланиб, у ердаги фаолияти ва режалари билан боғлиқ бўлган қисқача суҳбат қурдик. 

- Рустам Тўхтасинович Малайзияда иш бошлашингиз қай тарзда амалга ошди?

- Шунчаки мен ҳақимдаги маълумотлар уларга тўғри келган ва шартнома таклиф қилди. 

- Малайзия бокс федерацияси билан шартнома имзоландими ёки бирор бир клуб…?

- Малайзия бокс федерацияси билан.

- Демак, сиз Малайзия терма жамоасида фаолият юритаяпсиз?

- Ҳа, терма жамоага бош мураббий бўлдим. 

- Шартнома қанча муддатга тузилди?

- Ҳозирча икки йилга.

- Маълумотларга қараганда қандайдир турнирда шогирдларингиз муваффақият қозонишга ҳам улгурибди?

- Ҳа, Малайзия чемпионатида 49,52,56,69 ва 91 кгдаги шогирдларим чемпион бўлди. 

рустам ака1

- Малайзия чемпионати? Ахир сизни терма жамоа мураббийи эканлигингизни ҳисобга олсак, буни тушуниш бироз қийинроқ назаримда…?

- Биласизми, ўзим индивидуал тарзда бир нечтасини шуғуллантирмоқдаман. Яъни, ўзимизнинг бокс мактабимиз остида уларни шакллантирмоқчиман. Айнан, ўша қўл остимдагилар орасида мазкур вазндагилар чемпион бўлишга эришди. 

- Тез орада Ўзбекистон терма жамоаси билан қўшма машғулотлар ўтказиш ниятингиз ҳам бор бўлса, керак?

- Насиб қилса, июнь ёки июль ойларида шундай йиғинни режалаштириб турибмиз.

- Шогирдларингиз орасида Токио Олимпиадасига йўлланма олгани борми?

- Йўқ. Барчага маълумки, бу ерда бокс жуда ҳам паст савияда. Энди, ушбу юрт боксини кўтаришга бел боғлаганман. Насиб қилса, “Париж 2024” Олимпиадасида малайзиялик шогирдларим ҳам иштирок этади. 

- Вақт ажрата олганингиз учун раҳмат ва ўз ўрнида олдингизга қўйган мақсадларингиз амалга ошишига тилакдошмиз!

- Миннатдорман. Шунингдек, барча юртдошларимизни Рамазон ойи билан муборакбод этаман!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!