
Рустам Турдимуродов: "Жамоага ва ўзимга ишонч ортиши учун керакли гол эди"
“Андижон” “Мавсум-2025”ни сафарда “Қўқон-1912”га қарши ўйин бошлаганидан ва унда кучлар тенг келганидан хабарингиз бор.
“Бургутлар”нинг бу йилги чемпионатда дастлабки голи муаллифи Рустам Турдимуродов бўлди.
Ҳужумчи биринчи учрашувдан кейин клуб матбуот хизматига интервью берди.
- Рустамжон, чемпионатнинг дастлабки ўйини борасида нима дея оласиз?
- Ўйин кутганимиздек ўтди. 1-тур бўлгани учун ҳаммада ҳаяжон бўлди. Қолаверса, водий дербиси. Мавсумни яхши бошладик, деб ўйлайман.
- “Андижон”нинг 2025 йилдаги илк голи муаллифи бўлдингиз ва тарихдан жой олдингиз. Буни кутганмидингиз?
- Тўғриси, хаёлимда фақат гол уриш ва ғалаба қозониш эди. “Андижон”нинг мавсумдаги илк голи, тарихда қолиш хаёлимга ҳам келмаган эди. Бор эътиборим ғалаба ва унга ҳиссамни қўшиш эди.
- Голингизга қандай таъриф берасиз?
- Худога шукр, мавсумни гол билан бошладим. Бундан ташқари, жамоага ва ўзимга ишонч ортиши учун керакли гол эди.
- Ғалаба учун нима етишмади?
- Бизда ғалаба учун деярли барчаси бор эди. Ҳужумларни якунлашда бироз шошдик, деб ўйлайман.
- Ўйин дурангга мос бўлди, деб ўйлайсизми?
- Менимча, жанговар дурангга мос.
- Кейинги турда “Насаф”ни қабул қиласизлар. Андижонда очилиш ўйини. Нима кутяпсиз?
- Ҳар доимгидек мухлисларимиз стадионни “ёндириб” беришини ва уйимизда 3 очко олишимизни кутяпман.
- Бу йил 7-рақамни танладингиз. Бу нима билан боғлиқ?
- Роналдо 18 ёшида 7-рақамда ўйнаган ва масъулиятни ҳис қилган. Ўтган мавсумдан-да кўпроқ масъулиятлироқ бўлиш учун танладим.
Фикрлар