Рустам Умаров: Жамоамизнинг Осиё чемпионатига чиққани билан барчани табриклайман
Ads

 

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидан Осиё чемпионатига саралаш босқичи “А” гуруҳида кетма-кет иккита ғалабага эришиб, муддатидан аввал қитъа биринчилигига йўлланмани нақд қилди.

Дастлаб Непал терма жамоаси осонлик билан 14:1 ҳисобида таслим этилган бўлса, Туркманистон термасига қарши 4:2 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда осон бўлмади. Айнан Туркманистонга қарши беллашувда ўйин қаҳрамонига айланган тажрибали дарвозабон Рустам Умаров ЎФФ матбуот хизмати билан суҳбатда ўйин таассуротлари, ички ҳаяжон ва қўлга киритилган ОЧ йўлланмаси ҳақида сўзлади.

“Биринчи навбатда бутун Ўзбекистонни, терма жамоа вакилларини ва умуман олганда барчани бугунги ғалаба ва жамоамизнинг Осиё чемпионатига чиққани билан табриклайман. Дастлабки турда биз танимаган, биз билмаган Непал термасига қарши тўп сурдик. Ўйин осон кечди ва якунда йирик (14:1) ғалабани расмийлаштирдик. Бугун эса анчагина тажрибали ва бизга таниш бўлган Туркманистон билан куч синашдик. Ашхободда ўтган Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари Туркманистон муносиб иштирок этганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, бугунги рақиб билан Тошкентда иккита ўртоқлик ўйини ўтказиб, битта мағлубият (5:6) ва битта дуранг (1:1) қайд этгандик. Туркманистонга қарши ўйин осон кечмаслигини билган ҳолда, ўзига хос реванш олишга ҳаракат қилдик ва бунинг уддасидан чиқдик.

Бош мураббий ўйин олдидан барча керакли кўрсатмаларни бериб, видео таҳлил орқали хатоларини ҳамда заиф нуқталарини кўрсатиб берди. Биринчи бўлимда ўйинчиларимиз бироз уйқуга кетгандек тасаввур ўйғотди ва бунинг ортидан бир нечта хатолар вужудга келди. Қийин вазиятларда жамоадошларимга қўлдан келганча ёрдам беришга уриндим. Иккинчи голни урганимиздан кейин эса ўзимизга бўлган ишонч ортди ва якунда биз муваффақиятга эришдик. Тошкентдаги мағлубият шунчаки тасодиф эканини исботлай олдик, десам муболаға бўлмайди. Гуруҳда 6 очко тўплаб, муддатидан аввал Осиё чемпионатига йўлланма олдик. Қайд этилган натижадан барча хурсанд, ҳамманинг кайфияти яхши.

Қирғизистонга қарши ўйин учун қандай стратения танланганини ҳозирча билмайман. Бош мураббий ўйиндан олдик кўрсатмалар беради ва шундан сўнг барчасига ойдинлик киритилади. Аммо шуни айтишим мумкинки, Осиё чемпионати кумуш медаллари соҳиби сифатида эртанги ўйинда зафар қучиб, гуруҳ босқичини етакчи сифатида тугатишимиз керак”, – деди Рустам Умаров.

Эслатиб ўтамиз, саралаш босқичи “А” гуруҳи сўнгги турида Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистон футзалчиларига қарши майдонга чиқади. Учрашув Тошкент вақти билан 15:30 да бошланади.