Сакен Бибосинов: “Буни ўзимни оқлаш учун айтаётганим йўқ”

Токио Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган таниқли қозоғистонлик боксчи – Сакен Бибоссинов Тошкент мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионатида мағлубиятга учраганидан хабарингиз бор.

-51 кг вазн тоифасида ўтказилаётган жанглар доирасида қозоғистонлик боксчи Ҳиндистон вакили – Дипакка имкониятни бой бериб қўйди. Сакен кўп ўтмай, ўз ижтимоий тармоқлари орқали вазиятга қуйидагича изоҳ берди:

Сакен23

“Афсуски, мен учун бокс бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионати якунига етди. Мен мусобақага Қозоғистон бокси тарихига ўз номимни ёздириб қўйиш мақсадида ташриф буюрган эдим. Мағлубиятимни тан оламан ва бунда фақат ўзимни айблайман. Хатоларга йўл қўйдим. Сабаблар кўп. Бу ҳақида кимдир билади, кимдир эса йўқ. 2022 йилда жуда оғир жароҳат олган эдим. Натижада жарроҳлик столига ётишимга тўғри келди. Тикланишим учун 2 ойдан кўпроқ вақт кетди. Бунга қадар мусобақаларда иштирок эта олганим йўқ. Операциядан кўп ўтмай, Тошкентга чемпионатда иштирок этиш учун келдим. Буни ўзимни оқлаш учун айтаётганим йўқ. Балки, кимдир мени пул учун жаҳон чемпионатида иштирок этган, деб ҳисоблар. Аслида, юртим байроғини баланд кўтарган холда, икки карра жаҳон чемпиони деган унвонга эга чиқмоқчи эдим. Афсуски, режалар ҳар доим ҳам амалга ошавермайди. Барчаси яратганнинг қўлида эканлигини яна бир бор эслатмоқчиман. Эндиликда, хатоларим устида ишлайман. Насиб қилса, рингга бундан ҳам кучлироқ бўлиб қайтаман. Мен синиб қолганим йўқ."

дипак2

Қозоғистонлик боксчини енгган ҳиндистонлик Дипак эса ғалабани жуда хотиржам қабул қилди. У сайтимизга берган интервьюсида рақибнинг ким эканлиги у қадар муҳим эмаслиги, мақсади олтин медаль билан ортга қайтишлигини яшириб ўтиргани йўқ:

- Аввало муҳим ғалаба билан табриклайман!

— Раҳмат.

-  Турнир бошланишиданоқ амалдаги жаҳон чемпиони билан тушиб қолиш ёқимсиз бўлса керак?

— Дипак: Қачондир кучли рақиблар билан тўқнаш келинадику.

- Энди, турнирдаги асосий рақиб сифатида кимни кўрмоқдасизлар?

— Дипак: Жаҳон чемпионатида барча рақиблар жуда кучли. Алоҳида биттасини таъкидламоқчи эмасман. Ҳар қандай рақибга тайёрмиз.

Дўстматов

-51 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов муваффақиятли юришини давом эттираётганидан хабарингиз бор. Сакен Бибоссиновнинг мусобақани эрта тарк этгани борасида ҳамюртимиз ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Бу спорт. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Сакен  билан бирга жанг ўтказишимиз керак эди. Чунки у билан ҳисоб-китобимиз 1:1 бўлиб қолганди. Энди у билан қарама-қаршилигимиз қачонга қолганини билмайман. Балки, Париж Олимпиадаси ёки Осиё ўйинлари каби турнирларда учрашармиз."

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!