Сакен Полатов Осиёда боксни ривожлантириш фонди раиси этиб тайинланди
Эътиборлиси, ушбу фондга айнан ўзбекистонлик мутахассис раҳбарлик қиладиган бўлди. Унга кўра, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ушбу фонд раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
ASBC (Осиё бокс конфедерацияси) раҳбари ушбу ташкилот тузилганини эълон қилар экан, Осиёда боксни янада ривожлантириш борасида узоқ муддатлик стратегия ишлаб чиқилганини айтди.
Келаси йили ASBC бюджетида янги Фонд учун маълум миқдордаги маблағ ажратилади. Ушбу пул қитъамизда бокси ривожланаётган мамлакатлар миллий федерацияларига ажратилади.
Осиё бокс конфедерацияси Фонд сўровига асосан, бундай мамлакатларни бокс учун зарур бўлган анжомлар, таълим курслари, логистика масалалари ва бошқа йўналишлар бўйича қўллаб-қувватлайди.
Фонд комиссияси таркибида ҳамюртимизга беш нафар минтақавий вице-президент ҳам тайинланган. Унга кўра, фонд раҳбарияти таркиби қуйидагича кўриниш олган:
Сакен Полатов (Ўзбекистон) - Осиё бокс конфедерацияси Ижроқўм аъзоси, Фонд раиси.
Эдгар Пиксон (Филиппин) - Осиё бокс конфедерацияси Ижроқўм аъзоси, Фонд раиси ўринбосари
Фавзи Асафра (Фаластин) - Фаластин бокс федерацияси президенти
Раж Кумар Сачети (Ҳиндистон) - Ҳиндистон бокс федерацияси ижрочи директори, ASBC президенти маслаҳатчиси
Билли Вонг (Макао) - Макао бокс федерацияси вакили
Фикрлар