Самбочиларимиз Владивосток турнирини омадли бошлашди

Бугун Россиянинг Владивасток шаҳрида самбо бўйича йирик халаро мусобақа старт олди. Мазкур мусобақа хотира турнири бўлиб, унда ғолиб бўлганлар жаҳон рейтинги учун ҳам катта миқдордаги очколарга эга бўлишади.

Бугун бўлиб ўтган мусобақанинг дастлабки кун баҳсида терма жамоамизнинг икки вакили олтин медалларга сазовор бўлишди. Дастлаб Бекзод Нурматов -82 килограмм вазнли жанговор самбо усталари орасида ғолибликни қўлга киритди. Нурматов финал жангида россиялик Иван Грачовни мағлуб этди.

Шунингдек, Неъмат Ёқубов (-90 кг) спорт самбоси йўналишида барча рақибларини мағлуб этди. Бу борада ҳамюртимизга финалда мезбонларнинг бошқа бир вакили Антон Суровцев қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди.

Мусобақа эртага ўз якунига етади. Иккинчи кун дастурида ҳам бир қатор иқтидорли вакилларимиз чемпионлик учун гиламга чиқишади. Бу ҳақида МОҚ хабар бермоқда. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!