Самвел Бабаян: "Бугунги баҳс учун футболчиларим билан фахрланаман"

Cоcа-Cоlа Суперлига 7-турида сафарда «Турон»ни мағлуб этган «Навбаҳор» клуби бош мураббийи Самвел Бабаян биринчи тайм жамоанинг сценарийси остида ўтмагани, четлатишдан сўнг тактикани ўзгартиргани, Искандеровнинг пенальтиси ва Жокичнинг янги позицияси ҳақидаги фикрини билдирди.

«Мухлисларга ёқадиган ўйинга гувоҳ бўлдик. Иккала жамоа ҳам кескин курашларга бой ўйин намойиш этиб беришди, дейиш мумкин. Биз биринчи тайм давомида аввалдан ўйланган сценарий бўйича ўйнай олмадик. Режамиз биз кутган ишни бермади. Иккинчи тайм эса биз кутгандек ўтди. Тўпни назорат қилдик, ҳатто камчилик билан ўйнаб ҳам пенальти ишладик ва бу кўрсатган ўйинимиздан хурсандман. Бугунги баҳс учун футболчиларим билан фахрланаман.

Бир киши кам бўлиб қолганимиздан сўнг кўпроқ тўпни назорат қилишга интилдик. Рақиб ҳам бунга имкон берди, дейиш мумкин. Уларнинг прессингидан осон чиқиб кета олдик. Қолаверса, бунда Искандеровнинг хизмати катта бўлди. У тўп қаерда бўлса ўша ерда эди. Бизга тўпни назорат қилишга унинг майдондаги ажойиб ҳаракатлари ёрдам берди.

Очиғи, Искандеров пенальти тепаётганда уни қандай қилиб тепаётганини кўрмадим. Бугун у, аввалроқ Жокич ҳам пенальтидан гол ура олмаган эди. Аммо улар буни ўйинлардан гол уриб ювиб кетишяпти. Майли, 11 метрлик жаримадан уришмаса ҳам ўйинлардан уриб буни компенсация қилиб келишмоқда.

Жокич бунга қадар ҳам ҳимоячи позициясида ўйнаган эди. У аввалги беллашувда ҳам шу позицияда ўйнаб бизга ёрдам берган эди. Жокич юқори классдаги футболчи ва у майдондаги исталган позицияда ўйнай олади», - деди Бабаян.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!