Самвел Бабаян: "Футбол мўъжизасига ҳам умид қиламиз"
Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) гуруҳ босқичи, 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Ал-Ҳилол” учрашувидан олдинги матбуот анжуманида жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян ва тажрибали ярим ҳимоячи Азимжон Аҳмедовлар қатнашиб, бўлажак баҳс борасида ўз фикрларини билдиришди.
Самвел Бабаян: - Ассалому алайкум! Эртага гуруҳимизда жамоамиз ва рақибимиз “Ал-Ҳилол” учун жуда муҳим бўлган ўйин бўлиб ўтади. Эртанги рақибимиз айни пайтда қитъамизнинг энг кучли клубларидан бири, жуда яхши шаклланган, яхши ижрочиларга эга ва ҳозирги пайтда “Ал-Ҳилол”ни Европанинг энг яхши мутахассисларидан бири бошқармоқда. Бундай рақибга қарши эса йигитлар юқори савияда, фидокорлик билан ўйнашлари керак. Бундан ташқари, биз эртага ўз майдонимизда ўйнаймиз ҳамда мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ҳам жамоамизга руҳ ва куч бағишлайди, деган умиддаман. Шунингдек, футбол мўъжизасига ҳам умид қиламиз. Жамоамизнинг ОЧЛдаги асосий мақсади, “плей-офф” босқичи йўлланмасини қўлга киритиш. Шундай экан, бўлажак баҳсда мухлисларимизга қувонч улашиш учун барча имкониятимизга ишга соламиз.
Азимжон Аҳмедов: - Ассалому алайкум! Эртанги ўйин қизиқарли кечишига шубҳам йўқ. Боиси, “Ал-Ҳилол” кучли жамоа. Худо хоҳласа, ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қиламиз, деган умиддаман.
Фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор”нинг ОЧЛдаги шундай муваффақиятли иштирокига муносиб ҳиссасини қўшаётган, жамоамиз учун барча шароитларни яратиб бераётган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Шокиржанович Абдураззақовга жамоамиз номидан миннатдорчилик билдираман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар