Самвел Бабаян ОКМКдан учралган аламли мағлубиятга қандай изоҳ берди?
Ўзбекистон Суперлигаси 5-тури доирасида ОКМК клубига қарши баҳсда мағлуб бўлган “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян икки жамоа ўртасидаги ўйинларга қандай баҳо бераётгани, рақиб нимани эвазига ўйинни ўз томонига оғдириб олгани, жамоасига кимлар етишмагани ва камчиликлари ҳақида гапирди.
“Аввало, айтишим керак-ки, “Навбаҳор”нинг ОКМКга қарши ўйинлари сўнгги йилларда чемпионатнинг безагига айланиб бормоқда. Бугун гол уриб олгач, ғалабага муддатидан аввал ишониб юбордик шекилли, ўйнашни йиғиштириб қўйдик. Жамоамни таний олмай қолдим. ОКМК бугун ҳарактер кўрсатди ва ғалабага эришди. Қаерда ва қандай хатоларга йўл қўйдик – буларни анализ қиламиз ва улар устида ишлаймиз”, - дейди Бабаян.
“Бугун бизга Яхшибоев ва Ҳошимовнинг майдондаги ўринлари билинди. Захирадан майдонга туширилган футболчиларда эса, сифат етишмади”.
“Жамоамга ҳарактер ва консентрация етишмаяпти. Қайтараман, бугун бизда сифат етишмади. Захирадан майдонга тушган футболчиларнинг сифати биз кутган даражада эмас. Мулоҳаза қилишимиз учун сабаблар етарлича. Улар устида албатта ишлаймиз”.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар