Самвел Бабаян "Пахтакор"да синовдан ўтган тажрибани "Навбаҳор"да қўлламоқчи
26 июль куни “Навбаҳор” уй учрашувларини ўтказадиган Наманган шаҳар, Давлатобод туманидаги “Марказий” ўйингоҳ анжуманлар залида йиғилиш ўтказилди. Унда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев, Наманган вилояти ДХХ бошлиғи Алишер Эркаев, Наманган вилояти Спортни ривожлантириш бош бошқармаси, Наманган вилояти Туризм ва маданий мерос бошқармаси бўлими, Наманган вилояти футбол ассоциацияси вакиллари, “Навбаҳор” ПФК президенти Отабек Саматов, жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян, бундан ташқари, Наманган вилояти Футбол маҳорати мактаби вакиллари, вилоятда фаолият юритаётган футбол мактаблари мураббийлари иштирок этишди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян сўзга чиқиб, вилоятда бундан буён болалар футболига эътибор янада кучайиши, жумладан, 8 та ёш тоифаси, яъни, 2006-2013 йилларда туғилган ёш футболчилардан иборат вилоят терма жамоалари ташкил этилиши, мазкур терма жамоаларга вилоятда фаолият юритаётган энг иқтидорли мураббийлар жалб этилиши, бунга футбол соҳасида кўп йиллардан буён ишлаб келаётган, айни пайтда вилоят футбол маҳорат мактабида йўриқчи-мутахассис сифатида фаолият юритаётган Акмал Раҳманов масъул этиб тайинланиши, вилоят Футбол маҳорат мактаби “Навбаҳор” тасарруфига ўтиши, яъни, мазкур ўқув даргоҳини битирган энг иқтидорли ёшлар аввало вилоятнинг бош жамоасида ўйнаши, шундагина “лочинлар” таркибида яқин келажакда маҳаллий футболчилар тўп тепиши, четдан ўйинчи жалб этишга ҳожат қолмаслиги, бундай тажриба “Пахтакор”да ишлаганида синовдан ўтганлиги, масалан, пойтахтликлар сафини Сервер Жепаров тарк этганида, Одил Аҳмедов порлаб чиққанлиги, Аҳмедов кетганида эса Жамшид Искандеров ва Жалолиддин Машарипов ўз иқтидорларини намойиш этишганини таъкидлаган ҳолда, ушбу терма жамоаларга вилоятнинг энг иқтидорли футболчилари жалб этилиши лозимлиги, бу узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳа эканлигини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Самвел Бабаяннинг сўзларига қўшимча сифатида футбол жаҳондаги биринчи рақамли ва оммавий спорт тури эканлиги, вилоят иқтидорли футболчиларга бой эканлиги, фақат уларнинг иқтидорларини ўз вақтида пайқаб, самарали тарзда фойдаланиш лозимлиги, шунингдек, вилоятдаги стадионларнинг майдонлари сифатига яхши эътибор қаратиш лозимлиги, “Навбаҳор” жорий мавсумда ўз олдига қўйган юксак мақсадни амалга ошириши, жамоада яқин келажакда маҳаллий футболчилар тўп тепишини таъкидлаб ўтди.
Мазкур масалалар юзасидан Наманган вилояти ДХХ бошлиғи Алишер Эркаев, Наманган вилояти Спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Анвар Тўйчиев, вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Шуҳрат Мирхолдиршоев, вилоят футбол маҳорат мактаби директори Ғанишер Исмоилов ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Фикрлар