Санжар Қодирқулов: Дебют ўйинимда гол уришимни ҳаёлимга ҳам келтирмагандим

Кутилганидек, Яманга қарши учрашувда терма жамоамизнинг бошланғич таркибида ўзгаришлар кузатилди. Айниқса, термага охирги бўлиб таклиф қилинган «Бунёдкор»нинг ёш футболчиси Санжар Қодирқуловнинг асосий таркибдан жой олгани барча учун сюрприз бўлганди. Лекин учрашувдаги биринчи голни айнан Қодирқулов киритганлиги, қолаверса, ўйин давомида ўзии йўқотиб қўймасдан яхши таассурот қолдирганини Абрамовнинг яна бир бор топқирлиги билан боғлаш мумкин. Биз эса учрашув қаҳрамонларидан бирига айланган Санжар билан ўзимизни қизиқтирган мавзуларда суҳбатлашдик.

- Миллий терма жамоадаги дебютингиз ҳар томонлама омадли чиқди. Бош жамоамиз сафидаги илк ўйин, илк гол ва якунда ажойиб ғалаба. Ваҳоланки, миллий термага охиргилардан бўлиб чақирилгандингиз, аммо барчаси сиз учун тез содир бўлгандек…

- Тўғри, ҳаммаси чиндан ҳам мен учун тез содир бўлди. Бунгача мен олимпия терма жамоасининг йиғинида эдим. Миллий термага қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидан кейин эртаси куни Вадим Абрамов мени бош жамоага чақирди. Тўғриси, бу таклиф мен учун кутилмаганда бўлди. Яманга қарши учрашувдан олдин эса майдонга тушаманми-йўқми, буни билмагандим. Биласизми, ўйин куни асосий таркибда майдонга тушишимни эшитишим биланоқ мени ҳаяжон босди. Барибир бу мен учун миллий термадаги биринчи ўйин эди, қолаверса, расмий мақомдаги беллашув, бундан ташқари, ўз майдонимизда минглаб мухлисларимиз қаршисидаги ўйин эди. Худога шукрки, юзим ёруғ бўлди. Ҳаммага раҳмат айтаман. Учрашувдан аввал жамоадошларим ҳам мени қўллаб-қувватлашди. Ҳавотир олма, ўйинда биз бормиз, ўзимиз сени қўллаб турамиз деганларидан сўнг мендаги босим анча камайди. Майдонга тушиб, ҳакамнинг биринчи хуштагидан кейиноқ энди орқага йўл йўқ дея астойдил ўйнашга ҳаракат қилдик. Шу ўринда Вадим Карленовичга алоҳида раҳмат айтаман. Чунки у менга қўрқмасдан мана шундай ўйинда ишонч билдира олди. Табиийки, шу куни ҳиссиётлар ҳам ўзгача бўлди. Тўғриси, шунча ишқибозлар қаршисида биринчи марта ўйнадим. Гапнинг очиғи, ҳали бундай муҳитда ўйнашимни кутмагандим. Мухлислар стадионда жуда ажойиб муҳитни яратиб беришди. Бундан кейин ҳам уларнинг ишончларини қозонишга ҳаракат қиламиз.

қодирқулов6

- Тўғри, сизнинг асосий таркибда майдонга тушишингиз кутилмаган ҳолат бўлди. Лекин шунга қарамай, баҳс бошидаёқ ажойиб гол урган ҳолда ҳаммасини бошлаб бердингиз…

- Ҳа, буниси ҳам мен учун кутилмаганда юз берди. Албатта, майдонга боримни бераман деб тушгандим. Лекин тан оламан, дебют ўйинимдаёқ мана шундай катта ўйинда гол уришимни ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. Аммо кўриб турганингиздек, гол ҳам урдим ва Худога шукр келтираман.

- Бунгача сизни мухлислар асосан «Бунёдкор»даги ўйинларингиз орқали билишарди. Терма жамоа эса бу алоҳида мавзу ва унинг аудиторияси ҳам катта. Шунинг учун дастлабки ўйинингиздан сўнг энди сизга бўлган қизиқиш, эътибор ва муносабат ҳам ортиб бормоқда. Бу ҳолатда сиз учун ўзига хос реклама вазифасини ҳам ўтаётгандек…

- Тўғри айтдингиз, бу халқ жамоаси. Айнан халқнинг назарида бўлган жамоа ҳисобланади. Клуб эса ўз номи билан клуб ва у ерда бошқа вазифа. Терма жамоада эса мутлақо бошқача вазифалар қўйилади. ОАВ ва интернетда кўп ёзишаётгани эса бир томондан хурсанд ҳам қилади. Лекин бошқа тарафдан олиб қараганда, ўзига яраша босим ҳам бўлади. Насиб қилса, бундан ҳам яхшироқ ўйнаб ватаним терма жамоасининг ғалабаларига ҳисса қўшиш учун бор кучим билан ўйнайман. Мухлисларга эса битта гапни айтишим мумкин: майдонга тушганимда боримни бериб ўйнайман, бу борада шубҳа қилмасликларини сўраб қоламан.

қодирқулов2

- Шу ўринда футболга қандай кириб келганингиз, илк мураббийингиз ким бўлгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Футболга 12 ёшимда келганман. Сергелидаги «Баҳор» деган маҳалласида машғулотларни бошлаганман. Биринчи мураббийим Нуриддин ака. Шундан кейин бироз вақт ўтиб мени «Бунёдкор» академиясига қабул қилишган. У ердаги биринчи мураббийларим – Ёрқин Назаров билан Абдумалик Сатторович.

- Айтиш жоизки, сиз олимпия терма жамоасининг аъзоси ҳисобланасиз. Сизнинг миллий термада тўп суришни бошлаганингиз эса фаолиятингизда янги саҳифа очилганидан далолат. Лекин, барибир олимпия билан миллий терманинг ўзига яраша фарқлари бор. Яъни, бирданига олимпиядан бош жамоага ўтганингиздан кейин мослашишга қийналмадингизми?

- Тўғри айтдингиз, бу ердаги муҳит бошқача. Ҳаммаси профессионал ва номи чиққан ўйинчилар. Яширмайман, миллий терма жамоага биринчи марта келганимда мени қандай кутиб олишаркин, ким ўзи бу бола, деб ўйланишса керак, деган ҳаёлларга борганман. Қолаверса, бош жамоамизга мослашиб кетишим ҳам қийин бўлса керак, деб ҳам ўйлаганман. Аммо жамоага келганимда барча футболчилар мени яхши кутиб олишди. Жамоадаги барча футболчилар мендан катта ва улар мени худди ўз укасидек қабул қилишди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман. Тўғри, қаердадир танқид қилишади, қаердадир мақташади, бу эса футболнинг бир қисми. Барибир катталардан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.

- Аслида ҳам сиздан ички муҳит ҳақида сўрамоқчи эдим. Фаластиндаги мағлубиятдан кейин турли гап-сўзлар пайдо бўлганди. Ҳозир эса вазият ўзгаргандек. Сиз эса терманинг янги футболчиси сифатида ҳаммасини кўрдингиз…

- Очиғи, учрашувдан олдин босим бор эди, ҳозир эса анча камайди деб ўйлайман. Ўйиннинг эртаси куни тикланиш машқларини бажардик. Аммо Вадим Карленович ўйин ҳақида ҳеч нима демади. Албатта, энди бор эътиборимизни Сингапур билан ўйинга қаратганмиз.

қодирқулов7

- Шунингдек, кўпчилик Яманни кучсиз эканлигини бизга айтарли қаршилик кўрсата олмаганини айтишмоқда. Бу борада сиз нима дея оласиз?

- Ҳеч бир рақибни кучсиз деб бўлмайди. Чунки ўша Яман бунгача Саудия Арабистони билан Сингапурга ютқазмаганди. Қайтанга, улар ўша рақиблар дарвозасига иккитадан гол ургани ҳам эътиборга молик.

- Ўша ўйиндаги голингиз, ўйинингиз ва ғалабадан кейин ўзингизга бўлган ишонч қанчалик даражада ошди?

- Нима десам бўлади? Ҳа, тўғри, ўзимдаги босим тушди. Ишончга келадиган бўлсак, доим ўзимга ишонаман. Ўша куни жамоадошларимнинг ҳаракатлари эвазига шунақа ўйин кўрсатдим деб ўйлайман. Худо хоҳласа, мана шундай бирдам бўлиб ҳаракат қилаверсак, ҳамманинг ишончи ортади деб ўйлайман.

- Сиз Вадим Абрамов билан «Бунёдкор»да ҳам бирга ишлайсиз ва унинг хусусиятларини яхши биласиз. Мана, энди у билан миллий терма жамоада ҳам бирга ишлаяпсиз. Айтинг-чи, клуб билан термадаги Абрамовнинг қандай фарқлари сезиляпти?

- Тўғриси, ўзгаришни кўрмадим. Абрамов олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Ҳар доим самимий.

- Аслида Вадим Карленович миллий термани қабул қилиб олганидан кейин кўпчилик «Бунёдкор»дан ҳам футболчиларни чақиришини кутганди ва шундай ҳам бўлди. Айтинг-чи, Абрамов миллий термага бош мураббий бўлгач, сиз ҳам клубдан бир қатор ўйинчиларни жалб этишини сезганмидингиз?

- Албатта. Чунки «Бунёдкор»да ҳам иқтидорли футболчилар етарлича. Шу боис терма сафида ўйнаб кетиши мумкин бўлган йигитлар талайгина. Вадим Карленович ҳар битта ўзбек паспортига эга бўлган футболчига терма жамоа эшиклари очиқ дегани ҳам бежиз эмас.

- Шу билан бирга олимпия терма жамоасининг салоҳияти ва имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Чунки таркиб жуда иқтидорли футболчилардан ташкил топган. Аммо гуруҳимизга қийин рақиблар тушиб қолишди. Бу ҳақидаги фикрларингиз қандай?

- Тўғри, бизнинг гуруҳимиз қийин. Лекин ҳеч ким осон гуруҳни кафолат қилиб бермайди-ку. Аслида ҳар қандай гуруҳнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Мисол учун гуруҳимизга бошқа жамоалар тушишганида ҳам биз 100 фоиз кучимиз билан ўйнаган бўлардик. Шундай экан, ҳозирги рақибларимизга қарши кечадиган ҳар бир ўйинга катта масъулият билан тушамиз. Лекин бизнинг жамоа ҳам чакки эмас. Таркибга кучли ўйинчилар йиғилишган. Худо хоҳласа, албатта мухлисларимизнинг ишончини оқлаймиз. Бизни қандай йўл кутиб турганини ҳамма яхши тушуниб турибди. Барчамиз битта йўл сари бирлаша олсак, маррага биринчи бўлиб етиб келамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Рустам Содиков
15/10/2019 22:52
Бундан кейинги уйинларда хар бирингиз гол ураман ёки голга ассистентлик киламан деб уйингга тушинглар.