Санжар Қувватов водийдаги бир йиллик фаолияти, нега "Пахтакор"ни эмас "Қизилқум"ни танлагани хусусида
Хабарингиз бўлса керак, тажрибали дарвозабон Санжар Қувватов “Навбаҳор”ни тарк этиб, “Қизилқум” клуби билан шартнома имзолади.
Санжар 2024 йилни “Нефтчи”да бошлаб “Навбаҳор”да якунлади. Авваллари у бир мавсумда иккита клубни ўзгартирмасди.
Куни кеча “Қизилқум” аъзосига айланган посбон Sports.uz учун интервью берди.
- “Қизилқум”га ўтдингиз ва 2025 йилда фаолиятингизда янги саҳифа очилади. Бундай қарорга келишингиз сабаби нима?
- “Менга “Қизилқум”дан таклиф тушди. Жамоадаги дўстим, ёшликдан бирга катта бўлган Файзулла Қамбаров билан ҳам гаплашдим. Ушбу клубнинг таклифига рози бўлдим. Янги жамоада ҳаракат қиламиз.
- Бош мураббий Никола Лазаревич билан гаплашдингизми?
- Албатта. Шартнома имзолашдан аввал Лазаревич билан ва “Қизилқум” ходимлари билан гаплашдим. Жамоага борганимда ҳаммаси билан яқиндан танишиб олдим. Бош мураббий билан ҳам келишиб олдик. Ҳаммаси мени қониқтиргани учун таклифга рози бўлдим.
- 2024 йил сиз учун қандай ўтди? “Нефтчи” ва “Навбаҳор”да фаолият олиб бордингиз...
- Тўғрисини айтсам, мен учун энг ёмон йиллардан бири бўлди. Водий жамоасида ўйнаш қийин. Олдимизга қўйилган вазифани бажара олмадик. Шу томонлама ўзимдан ҳам қониқиш ҳосил қилмадим.
- “Навбаҳор”дан кетишингизни нима билан боғлаган бўлардингиз?
- Барча етакчи футболчилар кетишди. Улар билан бирга ўйнагандик. Шу боис мен ҳам кетишга қарор қилдим. Бу икки томонлама келишув билан бўлди. Клуб ҳам ёш футболчиларга кўпроқ эътибор қаратадиган бўлгани учун ўзим ҳам кетишни хоҳладим. Шартномам бўлишига қарамасдан жамоа билан келишиб, яхши муносабатда хайрлашдик.
- Фаолиятингизни “Машъал”, “Насаф” ва “Пахтакор”да олиб борганингизда бир неча мавсумларни ўтказгансиз. Адашмасам, бу йил биринчи марта йилда иккита клуб ўзгартирдингиз. Мавсумни “Нефтчи”да бошлаб, “Навбаҳор”да тугатдингиз. Балки водийда ўзингизни ноқулай ҳис қилдингизми?
- Тўғриси, бу нарсага тўхталишни хоҳламайман. Ўзига яраша сабаблари бор, клуб билан боғлиқ. Жамоани ички сирларини очилишини истамайман.
- Олдингизда яна бошқа вариантлар бормиди?
- Ўзимни эски жамоам – “Пахтакор”дан таклиф бўлди. Ўша пайтда “Қизилқум” ҳам телефон қилишни бошлади. Кейин бу жамоа ҳақида суриштиришга киришдим. Игнатий Нестеров, Эркин Бойдуллаев каби футболчилар у ерда тўп суришган ва улардан сўраб-суриштирганимда клуб ва мураббий ҳақида илиқ гапларни гапиришди. Айтганимдек, Файзулла Қамбаров қўнғироқ қилганида у ҳам жамоа ҳақида гапириб берди. Натижада “Қизилқум”ни танладим.
- Нима учун “Пахтакор”га қайтишни истамадингиз?
- Чунки уларга легионер дарвозабон келаётгани учун. Португалиялик мураббий легионер дарвозабонни таклиф қилди.
- 2025 йилдан нима кутяпсиз ва қандай мақсадларни кўзлаяпсиз?
- Бу йил мухлислар томонидан жуда кўп негативлар бўлди. Ростини айтсам, шу нарса ҳам ҳолатимга қаттиқ таъсир қилди. Ҳозир ҳар бир дақиқамни Инстаграм, Фейсбук ва Телеграмсиз ўтказяпман. Ижтимоий тармоқлардан воз кечмоқчиман. Бутун фикру ҳаёлим машғулот ва ўйин билан боғлиқ. Ҳар хил изоҳларни ўқимасликка ҳаракат қиляпман. “Қизилқум”га ўтганимни эшитган яқинларим, танишларим менга ёзишяпти. Лекин ўзим ҳақимдаги ушбу хабарни кўрмадим. Ҳеч нарсага қарамадим. Чунки биламанки, ўша хабарда албатта изоҳларда негатив ёзилган бўлади. Ўзимизда мақол борку, инсонлар бор - инсонларнинг нақшидир, одамлар бор - ҳайвон ундан яхшидир. Албатта, наманганлик, фарғоналик ва “Пахтакор”дан ҳам мухлислар қўнғироқ қилишади, гаплашиб турамиз. Улар қўллаб-қувватлаб турадилар. Аммо шундай одамлар ҳам борки, билиб-билмай ҳар хил гапларни гапиришади. Ўзим учун қарор қилдимки, ана шундай инсонларни билмаганим яхши. Айтмоқчи бўлганим, кўп гапиргандан кўра ўша ишни қилиш керак. Биз қаерда бўлсак ҳам қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Четдан туриб гапирадиганлар ўзлари келсин ва ўйнашсин. Албатта, бу интервьюим чиққанидан кейин тўғриси ўзим ўқимайман. Чунки ҳар хил негатив ҳолатлар шу даражага олиб келдики, ҳаттоки, соғлигимга таъсир қилишни бошлади. Биз футболчимиз ва олдимизга қўйилган мақсад – машғулотларда ва ўйинларда бор кучимиз билан ўйнаш. Қолгани Аллоҳдан.
- Демак, ижтимоий тармоқлардан бутунлан воз кечмоқчисиз-а?
- Шунақа ниятим бор. Ҳар хил негатив ёзадиганларни ўқимайман, блоклаб қўяман. Ҳар бир жамоани ҳақиқий мухлислари бор ва улар ҳам ёзиб туришади. Бундай садоқатли ишқибозлар билан алоқадалигимдан хурсандман. Биз ўйинда хато қилдик. Инсонлигимиз учун хато қилдик. Хато қилмайдигани эса демак у инсон эмас! Олдимга мақсад қўйганман ва бундан кечмайман. Ким қанча негатив ёзса ёзаверсин, бутун дунёга жар соладими, мен бу нарсадан узилдим. Эътибор қаратмайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар