Санжар Шоаҳмедов: "Ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз, аммо ҳеч кимдан қўрқмаймиз"

"Металлург" янги мавсумга тайёргарликни давом эттирмоқда. Чемпионат стартига бир ойдан камроқ вақт қолди.

Қуръа натижасига кўра илк турда бекободликлар "Яйпан" клубига қарши майдонга тушадиган бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб, клуб матбуот хизмати "Металлург" етакчиларидан бири Санжар Шоаҳмедовнинг мавсум олдидан фикрлари билан қизиқди.  

"Тайёргарлик жуда яхши кетмоқда. Машғулотлар, ўртоқлик учрашувлари барчаси режа асосида бўлмоқда. Тайёргарликни Бекободдаги қароргоҳда давом эттиряпмиз. Мавсумга пухта тайёргарлик кўриш учун муносиб шарт-шароитлар яратилган. Йигитларнинг ҳам кайфияти аъло даражада, машғулотларни қизғин руҳда давом эттиряпмиз.   

Лиганинг бошқа жамоалари ҳам янги мавсумга тайёрланмоқда. Ҳар бир клуб имкон қадар кучли таркиб шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозир бир жамоани қолганлардан кучлироқ, бошқасини эса кучсиз дейиш ноўрин бўлади. Барчасини бевосита ўйинлар кўрсатади. Жамоаларнинг асл кучини ҳозир айтиш қийин. 

"Яйпан" жамоаси таркибида ҳам яхши, ёш футболчилар бор. Уларни тажрибали мураббий Ғофуров тайёрламоқда. Бунгача ушбу жамоага қарши майдонга тушмаганман. Бу илк тўқнашув бўлади. Умид қиламанки, барчаси биз учун яхши натижа билан якунланади. Бунинг учун эса астойдил меҳнат қилишимиз кераклигини тушуниб турибмиз. Қолгани майдонда ҳал бўлади. 

Айтиб ўтганимдек, тайёргарлик аъло даражада кетмоқда. Чемпионатни ғалаба билан бошлаб олишимиз муҳим. Умуман олганда, исталган рақибга қарши баҳсда ғалаба учун майдонга тушамиз. Ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз, аммо ҳеч кимдан қўрқмаймиз", - деди Санжар Шоаҳмедов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!