Санжар Шоаҳмедов нега Малайзияга кетди?

Янги мавсумдан бошлаб Малайзия чемпионатига кўчиб ўтган ҳамюртимиз Санжар Шоаҳмедовни ҳам энди кузатишда давом этамиз. «Локомотив»даги ажойиб ўйинлари орқали мухлисларнинг ишончини қозонган ярим ҳимоячи Малайзияга Ўзбекистон чемпиони сифатида таклиф этилганлиги ҳам эътиборга молик. Шу тариқа, Шоаҳмедовнинг Малайзиядаги фаолияти бошланди. У «Теренгану» жамоаси билан келишувга эришган ҳолда ўзи учун янги чемпионатдаги фаолиятини бошлади. Аслида эса Санжар бундан ҳам савияси кучлироқ бўлган чемпионатга тўп суришга муносиб эди. Аммо у ўз танволини қабул қилди ва Малайзияни танлашга қарор қилди. Шу сабабли куни кеча Шоаҳмедов билан боғланиб, нима учун ушбу чемпионатга кўчиб ўтганининг сабабларини билишга қизиқдик ва шу орада яна бошқа масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

“Малайзияларга ваъда бериб қўйгандим”

- “Локомотив” жамоаси билан тузган шартномам 2018 йилнинг декабрь ойида тугаганди. Малайзияликлар эса менга ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери қизиқиш билдиришаётганди. Айниқса, октябрдан бошлаб менга Малайзиянинг икки-учта клубидан аниқ шартномалар таклиф қилинаётганди. Натижада уларнинг таклифлари жиддий бўлгани сабабли Малайзия клуби билан музокарага киришдик. У ердаги яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик. Иккала томоннинг таклиф ва шароитлар бир-биримизга маъқул келганидан кейин малайзияликлар билан шартнома тузишга қарор қилдим.

“Менга Жанубий Корея ва Эрондан ҳам таклифлар бўлганди”

- Боя айтганимдек, бу жамоа билан октябр ойида гаплашиб, уларга олдиндан лафз бериб қўйгандим. Улар билан келишиб қўйганимдан сўнг олдимда яна янги вариантлар пайдо бўла бошлади. Мисол учун Жанубий Корея ва Эрондан ҳам таклифлар келиб тушганди. Шунчаки, мен малайзияликларга эртароқ ўз ваъдамни бериб қўйганим боис лафзимни буза олмадим. Натижада бошқа мамлакатларнинг таклифларига рад жавобини беришга мажбур бўлдим.

“Ота-онам ҳам яна легионер бўлиб ўйнашимни исташганди”

- “Локомотив” таркибида анча-мунча ютуқларга эришдик. Ўзбекистон чемпиони бўлдик, Кубок соҳибига айландик. Осиё Чемпионлар лигасида ҳам муносиб ўйинлар кўрсатдик. Бемалол айта оламанки, “Локомотив” сафида ўйнаб анча ўсишга эришдим. Яна бир бор легионер мақоми остида фаолиятимни давом эттиришни хоҳладим. Ота-онам ҳам менинг четда ўйнаб келишимни исташаётганди. Шунинг учун бошқа мамлакатга кетдим. Лекин “Локомотив”даги фаолиятим мен учун унутилмас бўлиб қолади. Малайзия жамоасига ўтишимда ҳам “Локомотив”нинг катта ҳиссаси бор.

“Малайзияликларга ўзбекистонлик футболчилар ёқади”

- Малайзия чемпионатига нима чорлаяпти? Менимча, ўзбекистонлик футболчилар малайзияликларга ёқади. Балки бу ерда ўзбекистонлик футболчилар ўзларидан яхши таассурот қолдириб, натижа кўрсатишган бўлса, шунинг учун Малайзия клублари бизнинг ўйинчиларга қизиқишаётгандир. Улар мени ҳам шу мақсадда таклиф қилишган.

“Бу ерда футболчиларга яхши маош тўлашади”

- Тўғри, Ўзбекистонда “Локомотив” клуби ўз ўйинчиларига яхши маош тўлайди. Бу ерда ҳам футболчиларга салмоқли даражада маош тўлашади. Ҳамма ўзининг шароитидан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Футболчи ўзига келган яхши имкониятдан фойдаланиб қолишга интилади. Масалан, менга Малайзия клуби томонидан билдирилган таклиф ҳар томонлама маъқул келди. Масалан, у ерда мухлисларнинг ҳам футболга қизиқиши катта. Бу ерда маркетинг ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган.

“Стадионларга 30-40 минг мухлис келаётгани мени ажаблантирди”

- Мени Малайзияда ажаблантиргани бу биринчи навбатда томошабинларнинг стадионларга келиши билан боғлиқ. Бу ерда ишқибозлик даражаси жуда юқорлиги мени ажаблантирди. Битта ўйинга 30-40 минг атрофида мухлис келади. Малайзия чемпионатига келиб ўйнаётган футболчи сифатида шуни айтишим керакки, бу ерда тўп суришингиз учун жисмоний томондан ҳам анча бақувват бўлишингиз талаб этилади. Малайзия чемпионатида футбол тез. Бу ерда Испания, Англия, Аргентина каби чемпионатлардан легионерлар келиб ўйнашяпти.

“Локомотив”дан кўп нарсаларни ўргандим”

- “Локомотив”да ўйнаб нимадир ўргандим. Барибир “Локомотив” Ўзбекистоннинг топ-клуби эди. Олмалиқдан келганимда бу жамоа чемпионлик учун курашаётган, катта мақсади бор жамоа эди. Шу боис бундай клубда тўп суриш орқали футболчи сифатида анча-мунча нарсаларни ўргандим. Кўпни кўрган ўйинчилар билан ўйнаш янада мароқли бўлди. Мисол учун Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Жасур Ҳасанов, Игнатий Нестеров каби футболчилардан ҳам кўп нарсаларни олдим.

“Терма жамоада ўйнайманми? Мураббийлар ҳал қилишади”

- Терма жамоада ўйнаш ёки ўйнамасликни мураббийлар ҳал қилишади. Мен эса қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Бу – ҳаёт ва тўхтаб қолмайди. Малайзия чемпионатида ўйнайманми ёки бошқа чемпионатдами, муҳими мен ўз ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қилавераман. Қолганига эса мураббийларимизнинг ўзлари баҳо бераверадилар.

“Малайзия чемпионатидаги ҳамма клубнинг мақсади битта”

- “Теренгану” жамоасининг мақсадлари катта. Биз Малайзия Кубогини қўлга киритиш ва ички мусобақада чемпионликни қўлга киритиш учун курашяпмиз. Мени яна бир ҳайрон қолдиргани шу бўлдики, Малайзия Суперлигасида 12 та жамоа қатнашаётган бўлса, ҳамма жамоанинг мақсади бир хил экан. Ҳаммаси ўз олдига 1-ўрин ва Кубокни қўлга киритишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйишар экан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
10/03/2019 22:56
Кетиши келди, кетди