Сардор Мирзаевнинг голи ҳам жамоасини мағлубиятдан сақлаб қола олмади
Легионеримиз тўп сураётган жамоа ютқазди.
Таиланд чемпионатида тўп сураётган Сардор Мирзаев бугун “Муангтонг Юнайтед” таркибида навбатдаги ўйинини ўтказди. Бу сафар тай лигасининг 13-тур доирасида 2-ўринда бораётган “Чианграй Юнайтед”га қарши майдонга тушди.
Ўйиннинг 5-дақиқасида мезбонлар легионери Жажа Коэльо ҳисобни очди. Биринчи бўлимнинг 45+2-дақиқасида ҳамюртимиз Сардор Мирзаев жарима майдони ташқарисидан ўзининг аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Лекин унинг бу голи жамоасини мағлубиятдан сақлаб қола олмади. 67-дақиқада яна ўша Коэльо пенальтидан гол урди ва 2:1 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармай қолди. Мирзаев эса учрашувда тўлиқ иштирок этди.
“Муангтонг Юнайтед” 11 та учрашувда 16 очко билан турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)
Фикрлар