Сардор Рашидов: "Шартномам тугади, олдимда 2 та вариантим бор"
Футболимизнинг таниқли чарм тўп усталаридан бири Сардор Рашидов ёзги таътил сабабли юртимизга қайтди. Билсангиз керак, у бунгача БААнинг биринчи дивизионида “Дубай” клуби шарафини ҳимоя қилди. Куни кеча Sports.uz мухбири футболчига айрим саволлар билан мурожаат қилди.
- “Дубай” футбол клубидаги фаолиятингиз қандай кечмоқда? У ерда тўп суришга рози бўлганингиз асосан нима билан боғлиқ эди?
- “Дубай” клуби раҳбарлари мени ўз жамоасида кўришни хоҳладилар ва мен бу таклифга рози бўлдим. Менга ўйин амалиёти керак эди. Қисқа муддат ичида 25 га яқин ўйинларда майдонга тушдим ва ўз формамни тиклаб олдим.
- Легионер сифатида араб чемпионатларида яхши таассурот қолдирдингиз. “Дубай”да ҳам ўзингизни худди Қатардагидек ҳис қиляпсизми?
- Ҳа, албатта, Дубай менга бегона эмас. “Ал-Жазира”да ўйнаган пайтларимда кўрганман ва билардим. Мен учун биринчи ўринда Қатар чемпионати туради, қалбимда.
- Дарвоқе, Германияда Европа чемпионати бошланди. Сизнингча, фаворитлар ким ва қайси терма жамоа чемпион бўлади?
- Тўғрисини айтсам, мен бу турнирга унчалик қизиқмадим. Чунки жаҳон чемпионатини жонли кўриб гувоҳи бўлганимга бўлса керак. Европа чемпионатини унчалик кўрмайман ҳам.
- Бирор марта Европа чемпионатини стадиондан кузатиш имкони бўлганми?
- Йўқ, бўлмаган. Жаҳон чемпионатини кўрган одамга Европа қизиқ эмас (кулади).
- Кейинги режаларингиз қандай? “Дубай” клубидаги фаолиятингиз давом этадими? Шартнома қанча муддатгача эди?
- Шартномам тугади. Аммо олдимда 2 та вариантим бор. Улар ҳам 1-лига клублари. Кўрамиз, ниятим арабларда қолиш.
- Миллий терма жамоамизни кузатаётгандирсиз. Эронга қарши ўйини ҳақида нима дея оласиз?
- Йигитлар Эронга кўрсатиб қўйишди. Ҳозирги терма жамоамиз жуда яхши ташкил топган ва жаҳон чемпионатига чиқиш ҳам олдингидек қийин эмас. Имконият жуда юқори, Худо хоҳласа албатта чиқамиз.
- Футболимизда Рашидовлар оиласи сифатида сиз ва укаларингиз анча кўзга ташланганди. Аммо охирги пайтларда бу нарса сезилмаяпти. Бунга нима сабаб?
- Ҳа, укаларимга келсак, ҳозирча Санжар “Сўғдиёна”га тегишли бўлиб турибди, шартнома бўйича. Саҳоб эса биринчи лигада “Жиззах”да ўйнаяпти. Ҳали ҳаммаси олдинда, Рашидовлар қайтади.
- Ўзбекистон чемпионатига қайтиш ниятингиз борми?
- Билмадим, кўрамиз. Яхши таклиф бўлса, нимага йўқ? Буни вақт кўрсатади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар