Саудия Арабистонида ўзбек кураши бўйича халқаро турнир ташкил этилди
Саудия Арабистонида ўзбек кураши бўйича халқаро турнир ташкил этилди. Мусобақада 20 дан ортиқ давлатдан полвонлар мутлақ вазнда ғолибликни қўлга киритиш учун гиламга тушди.
Ўзбекистон кураш федерациясининг хабар беришича, ушбу турнирда Ўзбекистон шарафини жаҳон ва Осиё чемпиони, Индонезияда ўтган Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов ҳимоя қилган.
Халқаро мусобақа Подшоҳ Абдулазиз номидаги “Туялар фестивали” дастурига биринчи марта киритилган “Кўчманчилар олами” халқаро этнофестивали доирасида ўтказилди.
Фестиваль мамлакат пойтахти Ар-Риёд шаҳридан 120 километр узоқликдаги чўл ҳудудида жойлашган Ал-Саёҳид қишлоғида ташкил этилган. Бу қишлоқ юз йиллар давомида Арабистон ярим оролининг турли нуқталаридан йўлга чиққан туя карвонлари учрашадиган тарихий ҳудуд ҳисобланади.
Маълумот учун, “Туялар фестивали” бир ой давом этади. Бу ерга ҳар куни 25-30 минг томошабин келмоқда. “Кўчманчилар олами” халқаро фестивали эса 9-19 март кунлари ўтказилмоқда. Этнофестиваль турли халқлар ва миллатларнинг бетакрор анъаналари намойиш этиладиган йирик анжуман, деб баҳоланмоқда. Бу ерда кураш ва яккакураш турлари, анъанавий интеллектуал ўйинлар бўйича мусобақалар, камондан ўқ узиш, қушлар билан ов қилиш, улоқ ва бошқа турдаги миллий қадриятлар бўйича кўргазмали чиқишлар ташкил этилмоқда.
Фикрлар