Секейра: "Қўй сўйиб, дуо-фотиҳа қилайлик..."
“Локомотив” клуби шифокори Аброр Пирриев бошқа ҳамкасбларидан фарқ қилади. У ўзининг телеграмдаги каналида тез-тез клуб ва яна бошқа мавзуларда қизиқарли воқеа ва янгиликларни ҳам ёзиб туради.
Бу сафар Пирриев “Локомотив”нинг Ўзбекистон Кубоги доирасида Жиззахда “Сўғдиёна”га мағлубият учраб қайтаётганида бош мураббий билан боғлиқ ҳолат хусусида телеграмдаги расмий саҳифасида қуйидагиларни ёзди:
“Жиззахдан қайтаётиб, йўл бўйи Секейра ўйиндаги вазиятларни қайта-қайта томоша қилди; манзилга яқинлашганимизда компьютерини ёпиб, бир муддат сукут олгач, ён ўриндиқдаги ёрдамчиларига қаради:
Фаолиятим давомида биринчи маротаба кетма-кет 3 та ўйинни охирги сонияларда бой беришим. Мутахассис сифатида бир неча сабабни айтишим мумкин, аммо...
Ҳеч ким миқ этмади; бош мураббий тағин бироз ўйга толди ва тилмочига таржима қилишни сўраб ишора қилганча менга юзланди: "Доктор, илтимос ташкиллаштиринг. Жамоа билан аввал қилганимиздай қўй сўйиб, бир дуо-фотиҳа қилайлик..."
Тонгда жамоанинг телеграмдаги саҳифасида бош мураббийдан хабар пайдо бўлди: “Ҳар бир мағлубият бизни келгусида янада кучли қилувчи омилга айланишига ишонаман. Асосийси таслим бўлмаслик ва доимо олдинга интилишдир: сабр, меҳнат, ишонч ила! Биз бир оиламиз ва мен сиздек жамоага мураббий эканлигимдан фахрланаман. Барчаси олдинда, олға йигитлар!”
Фикрлар