Сэр Алекс Фергюсоннинг армонига айланган футболчи ким?

Мураббийлар кўпинча ўзлари ўйинидан завқ оладиган футболчиларни жамоасида кўришни истайди. Нафақат "Манчестер Юнайтед", балки футбол тарихидаги энг кучли мутахассислардан бири сэр Алекс Фергюсон ҳам бундан мустасно эмас. Шотландиялик мураббий узоқ йиллик фаолияти давомида бир футболчи билан шартнома имзолашни жуда истаган, аммо буни уддалай олмаган. Орадан йиллар ўтганига қарамай, у айнан шу футболчини фаолияти давомидаги қўли етмаган ягона ижрочи, деб ҳисоблайди.

Бундан анча илгари сэр Алекс мураббийлик фаолияти ҳақида берган интервьюсида қандай футболчини жамоасида бўлишини доим орзу қилгани ҳақида сўзлаб берди. SPORTS.uz ўз ўқувчилари учун ўша матнни тўлиқлигича тақдим этади. Яқин ўтмиш афсоналари ўртасидаги суҳбат ва йиллар давомида сир бўлиб қолган воқеа сизларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

kweokgowekokweg

"90 йиллар охирида Турин супер клуби сафида Алессандро дель Пьеро чинакам етакчи сифатида кўзга ташлана бошлади. Буни аввалига "туманли альбион"да ҳеч ким сезгани йўқ, аммо "Манчестер Юнайтед" - "Ювентус" баҳсидан сўнг, ҳаммаси ўзгариб кетди. Ўйин якунлангач, хонамга Райан Гиггз ва Гарри Невилл ҳовлиқиб кириб келди. Невилл мендан италиялик иқтидорни ўз жамоамизга қўшиб олишимизни илтимос қилди. Гиггз эса, бундай футболчи билан барча мусобақаларда ғолиб чиқишимиз мумкинлигини таъкидлади. Уларни тинглар эканман, яқиндагина якунига етган учрашув воқеалари кўз олдимдан ўтди. У қадар катта бўлмаган танасини яхши бошқарибгина қолмай, ҳужум бошлаш ва якунлашда беназир Алессандрони жамоамда эканлигини тасаввур қилдим. Ўз-ўзидан юзимда табассум пайдо бўлди. Кучли зарбаси бор, стандартларни яхши ижро этувчи, интеллекти юқори бўлган ҳужумкор ярим ҳимоячини ким ҳам жамоасида бўлишини истамайди?!

Эртаси куниёқ, "Юве" раҳбарлари ва футболчининг агентига алоқага чиқдим. Эътиборлиси шундаки, фаолиятим давомида ҳеч ким таклифимни охиригача эшитмай туриб, рад жавобини бермаган. Дель Пьеро шундай қилди. У сўзларимни ўртасидан бўлди ва деди:

"Мен учун "Ювентус" энг зўри! Ўйлашимча, ҳеч қаерда Туриндагидек бахтли бўлмасам керак. Пул, совринлар ўз йўлига. Мен футболни севаман. Унга бошқа клубда хиёнат қилмоқчи эмасман. "Манчестер Юнайтед" кучли жамоа. Уни ҳурмат қиламан, аммо "Юве"га хиёнат қилишга қўлим бормайди. Cэр, мени кечиринг!"

Тўғриси, жуда ёмон аҳволга тушиб қолдим. Йўқ-йўқ, у мени гапимни бўлгани учун эмас. Шунчаки, бу сўзларни эшитар эканман, бу йигит ҳеч қачон мени жамоамда ҳаракат қилмаслигига амин бўлдим. Аввал ҳам, кейин ҳам майдонда у сингари тўп тепадиган футболчини кўрганим йўқ.

owekgowekgowekg

2006 йилги жаҳон чемпионати якунлангач, уни жамоамга чорлашга қарор қилдим. Натижа қандай бўлишидан қатъи назар, уриниб кўрдим. Сабаби, агентлар "Реал" ҳам унга "кўз тиккани" ҳақида айтишди. Ёрдамчиларим "Мистер Ювентус" учун аукцион уюштирилишини тахмин қилишди. Уларга шошмаслик кераклигини айтдим. Кечқурун уйга қайтар эканман, чидай олмадим. Дарров дель Пьерога қўнғироқ қилдим:"Сен ҳеч қандай "Реал"га ўтмайсан! Мени жамоамга келасан ва биз барча турнирларда ғалаба қозонамиз!". Қатъият билан айтган сўзларимни сабр билан тинглаган Алессандро енгил кулди. Кейин, маъюс товушда сўзлай бошлади:

"Cэр, сиз мени яхши биласиз. Бундан аввалги суҳбатимиздан кейин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Ҳозир, клубим жуда оғир аҳволга тушиб қолган. Уни қўрқоқлардек ташлаб кета олмайман. Мен жамоамга ҳар қачонгиданда кўпроқ керакман. Сизни ҳурмат қиламан. Жамоангиз ҳам сайёрамиздаги энг зўри, аммо менинг қалбимда "Ювентус" бор. Ўз-ўзимга хиёнат қила олмайман".

Унинг сўзларини эшитар эканман, норози бўлишга ҳаққим йўқ эди. Унга омад тиладим. Гўшакни қўйгач, ўтириб узоқ ўйладим. Ўша мавсум ҳеч қандай трансфер менга қизиқ бўлмади. Кейинроқ, "Реал" дель Пьеро учун фантастик маош ва узоқ йиллик шартнома таклиф қилганига қарамай, рад жавобини олганини эшитдим.

Дарҳақиқат, бу йигит футболни бошқалар сингари машҳурлик ёки миллионлар учун ўйнамайди. Футбол унинг учун ҳаёт мазмуни. Алессандро шу нарсадан бахт топган, тамом. 2008 йилда у билан стадионлардан бирида кўришиб қолдик. Мени узоқдан кўргач, жилмайиб олдимга келди. Қўл узатдим, мени бағрига босиб, қулоғимга секин шивирлади:

pl4gpl3pgl34

"Таклифларингизни рад этганим учун мени кечиринг! Жамоамни қутқариб қолишим шарт эди".

Тўғриси, ундан хафа бўлганим рост, лекин ўша ондёқ ҳамма гина-кудуратни унутиб юбордим. Елкасига қўлимни қўйиб: "Сен "Ювентус"ни қутқариб қолмоқчи эдинг ва буни уддаладинг. Сени табриклайман", - дедим. Интервьюларни у қадар яхши кўрмайман, аммо менга берилган саволлардан ҳеч қачон қочмаганман. Агар кимдир "Сиз қўл остингизда бўлишини истаган футболчи ким?", деб савол берса, ўйлаб ўтирмай Алессандро дель Пьеро, деб жавоб бераман.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Abdulla Hikmatov
17/05/2022 23:28
Bir nafasda o'qidim