Сергей Арслонов: "Бугун ҳам турли воқеликларга бой ўйин кўрдик"

Cоcа Cоlа Суперлига 7-турида «Бунёдкор»ни кичик ҳисобда мағлуб этган «Сурхон» клуби бош мураббийи Сергей Арслонов жамоанинг бугунги ютуқлари футболчиларнинг меҳнати самараси экани, Жумаев учун узоқ кутилган натижа, четлатишдан сўнг жамоа ўз тактикасини ўзгартиргани ва мухлислар ҳақида гапирди.

“Аввало, яна айтишим керакки, бугун ҳам турли воқеликларга бой ўйин кўрдик. Футболчилар айнан шундай ўйинларда чиниқишади. Улар ғалабага ҳақли эдилар ва бугунги ғалаба учун раҳмат айтаман. Бу уларнинг меҳнатлари самараси.

Жумаев учун алоҳида хурсандман. У бунга узоқ йўл юриб келди. Тиним билмай меҳнат қилди ва бугун меҳнатлари мевасини кўрди. Қувонарлиси, ундаги ўсиш ўйиндан-ўйинга кўзга ташланмоқда.

«Бунёдкор»дек тартибли ўйин намойиш этадиган жамоаларга қарши бир киши кам бўлиб ўйнаш қийин. Албатта, футболчимиз четлатилганидан сўнг тактикамизни бироз ўзгартиришга мажбур бўлдик. Аммо футболчиларга раҳмат, улар бугун ғалаба учун борларини беришди ва охиригача туриб бера олишди.

Замонавий футболни ҳозир мухлисларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу жуда муҳим фактор. Футболчилар ҳам буни кўриб, билиб туришибди. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари биз учун жуда муҳим. Уларни доим кўришдан хурсандмиз ва стадионларда кутиб қоламиз”, – деди Арслонов.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!