Сергей Арслонов: Сув ва ҳаво каби зарур 3 очкони қўлга киритдик
Суперлига 16-туридан ўрин олган “Сурхон” – “Турон” (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Сергей Арслонов ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Асабий ўйин бўлди. Сув ва ҳаво каби зарур 3 очкони қўлга киритдик. Футбол эстетикаси ҳақида гапириш қийин. Айниқса, иккинчи бўлимда. Муҳими, йигитлар ғалабани сақлаб қолишди.
“Турон” ҳисобда ортда бораётган эди ва беллашувни сақлаб қолиш учун олдинга катта куч билан ўтишини билар эдик. Тўп учун иккинчи қаватдаги курашларда яхши ҳаракат қилдик. Биз уларнинг ҳужумларига тайёр эдик.
Турсуновнинг техникаси кучли, тезлиги ва футбол интеллекти яхши. Агентлар унинг ушбу жиҳатларини пайқай олишган. Бугунги кунда ўзбек футболчиларига бўлган талаб хорижда ошган. Бу футболимиз, Суперлигамиз ўсаётганидан далолат беради. Таклиф бўлди, борди. Унинг ҳаракатлари мураббийга маъқул келган. Улар билан алоқада бўлиб турибди. Турсуновни келгуси йил Эвропада кўрамиз деб умид қиламан.
Ҳа, Потапов қуруқ ўйинлар сони бўйича Лигада иккинчи ўринда бормоқда. Аммо футбол жамоавий спорт тури. У худди соатга ўхшайди. Соатнинг бирор бўлаги бўлмаса, у ишламайди. Футболда ҳам худди шундай. Жамоа ғалаба қозонса, барча ғалаба қозонади. Кимдир ой лауреати бўлса ҳам, бу бутун жамоанинг ҳам меҳнати саналади”, – деди Арслонов.
Манба: pfl.uz
Фикрлар