Сергей Липинец Қудратилло Абдуқаҳҳоровни танлайдими? Унинг учун яна бир рақиб бор...

  • 26 октябрь, 2020, 15:33
  • 0
  • Бокс

Собиқ жаҳон чемпиони Сергей Липинецнинг менежери Алекс Вайсфельд канадалик Кустио Клейтон билан реванш жанги ўтказилишига қарши бўлмоқда. Шанба куни “Mohegan Sun”да бўлиб ўтган 12 раундлик жангда дуранг натижа қайд этилиб, IBF муваққат камари вакант қолганди. Аслида, Клейтон Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг ўрнини тўлдирганди. Яъни, Абдуқаҳҳоров виза муаммоси туфайли бу жангдан четда қолган ва канадалик боксчи Липинец билан тўқнаш келганди.

Ҳакамларнинг қароридан норози бўлган Вайсфельд мижозининг навбатдаги жанги реванш эмас, балки Қудратилло Абдуқаҳҳоров  ёки WBCнинг собиқ чемпиони Шон Портер билан бўлишини хоҳламоқда. Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, Липинец-Клейтон баҳсида икки ҳакам 114-114, биттаси эса 115-113 ҳисобида Клейтон фойдасига қарор чиқарган эди.

- Ҳакамларнинг қароридан рози эмасман. Клайтон бутун жанг мобайнида қочиб юрди. Ҳа, ўша куни Сергей ўзининг энг яхши кўринишида эмасди. Чунки у узоқ муддат расмий жангда рингга кўтарилмаган эди. 15 ойлик танаффусдан сўнг, жанг ва бирданига рақиб ўзгариб кетди. Албатта, бу баҳона бўла олмайди. Шундай бўлса-да, Сергей бу жангда ғалаба қозонди. Барча бу воқеани кўрди ва амин бўлди. Шунинг учун Клейтон билан реванш ўтказишда ҳеч қандай маъно йўқ. Яна барча канадаликнинг қочиб юришини кўришни хоҳламайди. Сергей навбатдаги жангини февраль ойида ўтказади. Рақиб эса, Қудратилло Абдуқаҳҳоров ёки Шон Портер бўлиши мумкин”, - деди Вайсфельд.

Сергей Липинецнинг ўзи ҳам ҳакамларнинг қароридан ҳайратда қолганини айтди...

“Кўрсатган жангимдан умуман кўнглим тўлмади. Тузган режамизни охирига етказмадим. Айниқса, оёқ ҳаракатларим жуда ҳам суст бўлди. Ўйланган ҳужумларни амалга ошира олмадим.  Шунга қарамасдан, мен жангни ютдим. Менимча саккиз раунд устунлик мен томонда бўлди ва мен кўпроқ жанг қилишга интилдим. Клейтон ўзининг тезкор “жеб” зарбалари, чаққонлиги ва IQси билан бизни жуда ҳам ҳайратда қолдирди. Биз уни жанг қилишга иштиёқи кучли бўлса керак, деб ўйлаган эдик. Бироқ у жанг бошланиши билан мендан қочишни бошлади. Қолаверса, узоқ танаффусдан сўнги жангимда рақибим ўзгарди ва бу ҳолат ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Ўйлайманки, навбатдаги жангим 3-4 ойдан кейин бўлади ва жиддий рақибга қарши баҳс юритаман”,- деди Липинец.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!