Сергей Лушан "Навбаҳор"нинг асосий муаммосини айтди
Суперлиганинг 15-туридан ўрин олган ОКМК - "Навбаҳор" (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
"Лочинлар" устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Аввало рақиб жамоани ғалаба билан табриклайман. Икки жамоа учун ҳам қийин баҳс бўлди. Осон бўлмаслиги аниқ эди. Бугунги учрашувда айрим бир муаммоларга дуч келдик. Таркибдаги етишмовчилик ва бошқа жиҳатлар бизга халал бермоқда. Йигитлар ҳали ҳамон оғир босим остида. Ёш футболчиларимиз иқтидорли, аммо уларнинг ритмга тушиб олишлари учун бироз вақт керак. ОКМК жамоаси бугун ҳақли равишда ғалаба қозонди. Рақибни ғалаба билан табриклайман.
- "Навбаҳор"нинг икки учрашувини кўришга муваффақ бўлдим. Жамоа ўйинида ўсиш сезилмоқда. Жамоам ўйин билан боғлиқ муаммоларга дуч келди, дедингиз. Ушбу муаммолар ва камчиликлар ҳақида батафсилроқ тўхталсангиз...
- Асосий муаммомиз - реализация. Рақибимиз ўйин давомида иккита зарба берди ва иккита гол урди. Биз эса 8-9 маротаба тўпни сўнгги зарба билан якунловчи вазиятларга қадар олиб келдик, лекин... Вазиятлардан гол урган жамоа ғалаба қозонади. Бу жуда оддий формула. Шунчаки гол уришимиз керак. Ҳужумда хавфлироқ тажовузкор ўйнашни бошлаганимизни биламан. Балки бизга бироз вақт керакдир. Дуранг бугунги баҳс учун адолатли натижа бўлиши мумкин эди, лекин футболда сўнгги дақиқаларгача ўйнай оладиган ва курашган жамоа ғалаба қозонади. Рақибимиз иккинчи голдаги ҳужумни ажойиб амалга оширди. Тезкорлик билан ҳужумга ўтишди, шунчаки қойил. ОКМК ўзгаришларни ҳам тўғри қилди. Бизнинг захирамиз эса оқсамоқда. Бу бизнинг муаммоларимиз ҳамда бунга ўзимиз айбдормиз. Ушбу муаммоларга ўзимиз ечим топишга мажбурмиз.
- Реализация ҳақида гапириб ўтдингиз. Чемпионатимизнинг энг яхши тўпурарларидан бири Тома Табатадзе "Навбаҳор" машғулотларида қатнашмаяпти. Унинг жароҳати ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
- Табатадзени ҳали майдонда кўрганим йўқ. Кеча у Ўзбекистонга қайтиб келди. Тома билан гаплашиб олдик. Жароҳатидан фориғ бўлганига қарамай, у ҳали ҳамон ўзини ноқулай ҳис қилмоқда. Табатадзени яқин орада майдонда кўрмаймиз.
Сардор Рашидов ҳам узоқ вақтга сафдан чиқди. Сайфиевда дисквалификация бор эди. У кейинги учрашувда майдонга қайтади.
Иккинчи ҳужумчимиз Гиорги Никабадзе ҳам жароҳат билан уколлар орқали ўйнамоқда. Унинг ўрнини эгаллай оладиган футболчи йўқ, афсуски.
- Захира етишмовчилиги билан боғлиқ бўлган муаммони қандай ҳал этмоқчисиз? Ушбу вазиятдан чиқиб кетиш бўйича қандайдир режангиз борми?
- Ягона ечим шу таркибимиз. Ихтиёримиздаги футболчилар билан ўйнашда давом этамиз. Мавсум ярми ва мавсум аввалида селекция ишларини олиб бориш икки хил масала. Ёзда кўп футболчилар банд ҳамда амалдаги шартномаси бўлади. Ўзингиз истаган футболчини ҳарид қилиш қийин масала.
- Ёзда ўзимиз истаганча трансферлар амалга ошира олмадик, дедингиз. Трансферлар бўйича қандай режангиз бор эди?
- Биздаги трансфер тақиқи бўйича хорижлик футболчилар билан шартнома туза олмаймиз. Ҳозирги ҳолатимиз шундай ва шунга мослашишимиз керак", - деди "лочинлар" устози.
Фикрлар