Сергей Лушчан: Ҳар уч кунда битта таркиб билан ўйнаш қийин
Про лига 12-тури доирасидаги “Динамо” – “Оқтепа” (2:0) учрашувидан кейин мезбон жамоа бош мураббийи Сергей Лушчан ўйин ҳақида тўхталди.
- Энг асосийси, ғалабага эришиш эди. Афсуски, вазиятлардан гол уриш бобида бироз оқсаяпмиз. Бу борада ишлашимиз керак. Навбатдаги уч турда биз учун жуда муҳим ўйинлар ўрин олган. Учала баҳсда ҳам фақат ғалаба қозонишимиз керак. Ҳозирда, энг аввало, тўртликдан жой олиб, кейинги босқичда асосий рақибларимиз биздан узоқлашмаслиги учун курашишимиз шарт.
Охирги турларда таркибда катта ротация қилаётганим сабаби аввалги учрашувларда ўйинимизда пасайиш бўлгани билан боғлиқ. Афсуски, барқарор бўлмаган тақвим сабабли тикланиш жараёнини ҳам аниқ режа асосида ўтказишнинг имкони бўлмаяпти. Бу ҳар бир мураббий учун муаммо. Футболчилар робот эмас, бу уларга ҳам таъсир қилмай қўймайди. Охирги икки ўйинда таркибда ўзгариш қилгач, қайсидир жиҳатдан кучайдик, қайсидир жиҳатдан кучсизландик. Аммо охирги икки ўйинда ғалаба қозониб, натижа қилинди.
Энди 8 кун давомида учта учрашув ўтказишимизга тўғри келади, бу осон эмас. Иккитаси сафарда, биттаси уйимизда. 21 октябрда «Истиқлол», 24 октябрда «Турон» ва 28 октябрда «Шўртан» билан. Дастлабки тўртликдан жой олган бу клублар билан ўйинларда таркибдаги барча футболчилардан фойдаланишимга тўғри келади. Чунки ҳар уч кун ичида битта таркиб билан ўйнаш қийин. Зич тақвим бўлишига қарамай, фақат ғалабаларни кўзлаймиз, - деди “Динамо” бош мураббийи клуб матбуот хизматига.
Фикрлар