Сервер Жепаров: Жамоани руҳан тайёрлай олиш мумкин, аммо жисмонан бизга қийин бўляпти

Суперлига 22-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Олимпик” (1:2) учрашувидан сўнг мезбон жамоа бош мураббийи Сервер Жепаров шогирдлари руҳий босим остида қолаётгани, уларни кейинги ўйинларга қандай тайёрлашини ва Жером Этаменинг имкониятлари ҳақида гапирди.

– Жисмоний ҳолатимиз яхши эмас ва бу иккинчи бўлимда билиниб қолди. Биринчи бўлимни яхши ўтказдик, аммо, иккинчи бўлимда чарчаб қолаяпмиз. Қолаверса, футболчиларда фақат ютишимиз керак деган фикр пайдо бўлган ва бу руҳан босим ўтказаяпти.

Айтганимдек, жисмоний ҳолат борасида ишлашимиз керак. Навбатдаги ўйинларда чемпионлик учун курашаётган жамоаларга қарши ўйнаймиз. Уларга қарши руҳан тайёрлай олиш мумкин, аммо жисмонан бизга қийин бўляпти.

Агар Жероме Этаме ўз вазиятларининг ҳаммасидан фойдаланганида бу чемпионатда ўйнамаган бўлар эди. У ҳужумни бошлаш, вазият яратиш, тезлик каби жиҳатларда энг яхшилардан бири, аммо вазиятларни якунлай олмайди. Бори шу.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!