Сервер Жепаров “Жетису”дан нега кетгани, Эктор Купердан таклиф кутиши ва фаолиятини қаерда давом эттириши ҳақида гапирди
Ads

Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси бўлган Сервер Жепаров фаолиятини Қозоғистоннинг “Жетису” клубида давом эттираётганидан хабарингиз бор эди. Аммо ҳамюртимизнинг қўшни мамлакатдаги ҳаёти узоқ давом этмади. Яқиндан тарқалган хабарга кўра у “Жетису”ни тарк этган ва Тошкентга қайтиб келган. Боз устига уни миллий терма жамоага ҳам чақиришмай қўйди. Биз эса Жепаров билан боғланиб клубдан кетишининг сабаблари, терма жамоа ва ўзи ҳақидаги бир қатор саволларга жавоблар олдик.

- Сервер, сизнинг “Жетису”дан кетишингиз барчамиз учун кутилмаган воқеага айланди. Аслида нима бўлди?

- Хабарингиз бўлса, менинг “Жетису” билан тузган шартномам ноябрь ойи охирига қадар эди. 21 октябрь куни чемпионат доирасидаги ўйинда жароҳат олганимдан кейин шифокорлар салкам икки ҳафта давомида югурмаслигим кераклигини маслаҳат беришди. Тикланишим учун ҳам салкам 10 кун керак эди. Шу сабаб клуб билан ўзаро келишган ҳолда шартнома ниҳоясига етишини кутиб ўтирмасдан уни бекор қилдик.

- Клубда сизга нисбатан етарли даражада эътибор қаратишмадими?

- Бундай демаган бўлардим. Клубда ҳамма ишлар яхши йўлга қўйилган. Жумладан, муносабатлар ҳам.

- Энди нима қилмоқчисиз: фаолиятингизни якунлайсизми ёки бир қанча таклифларни кўриб чиқасизми?

- Таклифларни кўриб чиқсам керак. Нега деганда, ҳали фаолиятимни давом эттириш учун ўзимда етарлича куч-қувватни ҳис қиляпман.

- Айтмоқчиманки, легионер сифатидаги фаолиятингиз ниҳоясига етдими? Ёки бундан кейин Ўзбекистон чемпионатида иштирок этасизми?

- Олдиндан тахмин қилишни ёқтирмайман. Ҳозиргача жароҳатдан тикланиш жараёни ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Албатта, қизиқарли ва ўзимни тўла қаноатлантирадиган таклифларни кутиб қоламан.

- Айтишларича, қозоқ футболида кўп пул тўлашар экан. Чиндан ҳам футболчиларга катта миқдорда пуллар тўлашадими? Бундай гаплар ростми?

- Бу масалани турли томондан кўриб чиқиш керак бўлади. Шуниси аниқки, Қозоғистонда ўйинчиларга Ўзбекистондагидан кўра кўпроқ ҳақ тўлайдилар.

- Қозоғистон биринчилигида айнан қандай жиҳатлар ёқмади?

- Юқорида ўзингиз айтгандек, у ерда катта пуллар тўланса-да, майдонларнинг ҳолати ҳар қандай ўйинчини дахшатга солади. Сунъий қопламали майдонда тўп сурган ҳолда ўзим ҳам жароҳат олдим. Чимнинг тез-тез алмаштириб турилиши футболчи учун яхши эмас.

- Игнатий Нестеров билан бирга Осиё Кубогида тўрт бор иштирок этгансиз. Агар бешинчи марта ушбу мусобақада қатнашсангиз мутлоқ рекордчига айланасиз. Аммо бу борада сизга нисбатан Нестеровда имконият кўпроқ. Бу хусусида нима дея оласиз?

- Рекордчига айланишим мумкинлигини билган ҳолда Қозоғистон чемпионатига йўл олгандим. Яхши жисмоний ҳолатда бўлган ҳолда юқори даражада иштирок этишни мақсад қилгандим. Ҳозирча фаолиятимни якунлаш ниятим йўқ. Ўйнашда давом этар эканман, юқори натижаларни ва рекордларни янгилашга бўлган иштиёқим сақланиб қолаверади. Футболда доим имконият бор. Агар мени ҳам терма жамоага чақиришса, бундан бошим кўкка етарди. Шуни алоҳида эътироф қилишим керакки, ҳар доим, ҳамма вақт бош мураббийнинг қарорларини ҳурмат қилиб келганман.

- Миллий терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер сизни ўтказган иккита йиғинига чақирмади. Нима деб ўйлайсиз, Жепаровнинг миллий терма жамоадаги фаолияти якунига етиб боряптими?

- Ҳаётда ҳеч нарса абадий эмас. Боз устига 36 ёшдаман, миллий терма жамоага ўзимдаги бор нарсани берганман. Лекин соғлигим жойида бўлар экан, ҳали бери футбол ўйнашдан тўхтамоқчи эмасман. Натижа учун жавобгар бўлган мураббийларнинг қарорларини эса доим тўғри қабул қилиб келганман.

- Миллий терма жамоамизнинг охирги ўйинларини томоша қилдингизми? Агар кўрган бўлсангиз, жамоа ўйинида қандайдир ўзгаришларни сездингизми?

- Имкон қадар томоша қилишга ҳаракат қилдим. Бир учрашувда жамоа жуда яхши кўринди ва тўпни йўқотган заҳоти дарҳол ортга қайтди.

- Эктор Купер билан учрашишни ва келажагингиз борасида суҳбатлашишни истармидингиз?

- Албатта, истайман. Ахир унинг савиясидаги мураббийлар жуда оз. Энди эса шундй мутахассис бизда, Ўзбекистонда ишламоқда.

- Ўзбекистон чемпионатини кузатиб келяпсизми? Яқинда “Пахтакор” Кубок финалида ютқазиб қўйди. Қолаверса, чемпионликни қўлга киритиш учун жамоанинг имконияти тобора пасайиб бормоқда. “Локомотив”нинг кетма-кет учинчи бор чемпионга айланишига ишонасизми?

- Кубок финалини кўрдим. Ўйин жуда томошабоп ва голларга бой бўлди. ОКМКни тарихий соврин билан қутламоқчиман. Ўз вақтида Бахтиёр Ашурматов билан “Пахтакор” сафида ўйнаган ҳолда Ўзбекистон Кубогини ютгандик. Энди эса у мураббий сифатида шундай ишни амалга оширди. Унинг учун хурсандман. “Локомотив”нинг чемпионликка бўлган имкониятига келсак, албатта жамоа бу борада устунликка эга бўлиб турибди. Лекин футбол шундай ўйинки, арзимасдек кўринган кичик хато ҳам якунда қимматга тушиши ва ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин.

- Келажакда ўзингизни худди Бахтиёр Ашурматов сингари мураббий ролида тасаввур қила оласизми?

- Албатта, тасаввур қила оламан. Қолаверса, “В” тоифа учун ўқишни тамомладим. Бундан кейин ҳам ўқишда давом этмоқчиман.

- Ўғлингизнинг ҳам худди сиз каби футболчига айланишини истайсизми? Агар сир бўлмаса, у кўпроқ нима билан шуғулланади?

- Албатта, шуни истайман. Ҳозирда ўғлим Александр Хвостунов ва Равиль Бекчинтаев раҳбарлиги остида “Бунёдкор” академиясида шуғулланмоқда. Бундан бир неча кун олдин у Олма-Отадаги турнирда иштирок этди. Мусобақада 16 жамоа қатнашди, “Бунёдкор” ёшлари 4-ўринни эгаллади. Жамоада истиқболи порлоқ ва қобилятли болакайлар талайгина. Айниқса, “Пахтакор”га қарши кечган ўйин менга жуда ёқди.

- Нима деб ўйлайсиз, матбуотда футболга бўлган эътибор Ўзбекистонда юқорими ёки Қозоғистондами?

- Ҳаммасидан кўра Эронда бўлса керак.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.