Сервер Жепаров: Терма жамоамиз Купер билан олдинга силжий олмаса керак
Ads

Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси бўлган ҳамюртимиз Сервер Жепаров жорий мавсумни Бекободнинг «Металлург» клубида бошлашга розилик берганидан хабардорсиз. Катта тажрибага эга бўлган футболчи имкон даражасида «Металлург»га ёрдам беришга ҳаракат қилди. Лекин унинг ушбу клубдаги фаолияти мавсум охирига қадар етиб бормади. Боиси, яқинда Жепаров «Металлург» клубини тарк этишга қарор қилди. Бунга эса унинг олган жароҳатлари сабаб сифатида кўрсатиб ўтилди.

3 октябрь куни 37 ёшни қаршилайдиган Сервер катта эҳтимол билан фаолиятига нуқта қўйган кўринади. Агар Жепаровнинг футболчилик ҳаётига назар соладиган бўлсак, бу энди алоҳида мавзуга айланади. Чунки у кўплаб қизиқарли саргузаштларни бошидан кечирди ва муваффақиятли ўйинлари ҳам талайгина бўлганди. Энди эса Жепаровнинг фаолиятида ўзгаришлар бўлиши турган гап.

«Металлург»ни тарк этганидан кейин Сервер билан клубдан кетиши, кейинги фаолияти ва терма жамоамиз мавзусида гаплашишни ният қилиб қўйгандик. Лекин у билан боғланишнинг иложи бўлмади. Кейин билсак, Сервер Москвага кетган экан. Шунга қарамай, бир амаллаб у билан алоқа ўрната олдик. Жепаровга ўз таклифимизни билдирганимизда, биз билан суҳбатлашишга рози бўлди, фақат саволларимизни жўнатишимизни ва бир кундан кейин жавобларини ёзиб юборишини маълум қилди. Келишганимиздек, шундай йўл тутдик ва эртаси куни Сервер Жепаровдан жавобларини қабул қилиб олдик. Айтиш мумкинки, у ўзининг аксар жавобларини қисқа ва лўнда қилиб юборган. 

- Сервер, сизни «Металлург» клубидан кетишингизни кутмагандик. Айтинг-чи, бекободликлар сафини тарк этишингизга нима сабаб бўлди?

- Кетиш ҳақидаги фикр бирдан хаёлимга келди ва бу қарорни қабул қилдим. Бори шу.

- Ушбу жамоа устози Андрей Шипилов сизнинг «Металлург»га ўтишингизни юқори баҳолаб, катта фойдангиз тегишини айтганди. У ерда қисқа муддат ўйнаб, нима бера олдим деб ўйлайсиз?

- Мен ҳақимда илиқ гапларни айтгани учун ундан миннатдорман. Биргаликда ишлаш орқали унутилмас тажрибага эга бўлганман.

жепаров4

- Жароҳатингиз жиддийми? Фаолиятингизни яна давом эттиришингизга тўсқинлик қилмайдими?

- Йўқ, жароҳатдан аллақачон фориғ бўлдим ва албатта яна ўйнашда давом этишим мумкин эди.

- Аслида бу жароҳатни қачон ва қаерда орттириб олдингиз?

- «Динамо»га қарши кечган беллашувда. Кейин эса машғулот чоғида жароҳатимни янгилаб олдим. Аммо ҳозир ҳаммаси ортда қолган.

- Футболдан кейин қандай иш билан шуғулланишингизни аниқлаштириб олдингизми?

- Бундан кейин ҳам футболда қолмоқчиман.

- «Металлург»нинг бу мавсумдаги иштирокига нима дея оласиз?

- Жамоа мавсумда барқарор ўйин кўрсата олмаяпти. Ваҳоланки, таркибдаги футболчиларда жуда катта потенциал бор. 

- Бугунги кунда миллий терма жамоамиз атрофида турли гап-сўзлар юрибди. Терма жамоамизнинг собиқ етакчиси сифатида бундан хавотирга тушяпсизми?

- Албатта, терма жамоа учун қайғураман. Ахир Ўзбекистон мустақил давлат. Жаҳондаги аксар мамлакатлар сингари бизда ҳам футбол биринчи ўринда туради. Футболни бежиз халқаро мусобақаларда давлатнинг «юзи» дея эътироф қилишмайди.

- Сизнингча, Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз тўғри йўлдами?

- Ўйлайманки, терма жамоа у билан олдинга силжий олмаса керак.

- Нима деб ўйлайсиз, Куперни ишдан бўшатиш муаммонинг ечими бўлиб хизмат қиладими?

- Бу саволингизга жавоб бера олмайман. Чунки шу масала билан шуғулланиш ваколатига эга бўлган кишилар бор. Мен эса бундай ваколатга эга эмасман.

- Терма жамоамизни бошқариiга кимни муносиб номзод деб ҳисоблайсиз?

- Вадим Абрамов билан Тимур Кападзени.

жепаров3

- Ўйинчилик фаолиятингизни якунладингиз. Айтинг-чи, хайрлашув учрашувини ташкил этиш режаларингизда борми?

- Янги мавсум бошлангунга қадар бу хусусида ўйлаб кўрмоқчиман. Аммо шуниси аниқки, хайрлашув учрашуви албатта ўтказилади.

- Айтишларича, Ўзбекистон ўсмирлар ёки ёшлар терма жамоасини сизга топширишлари мумкин эмиш. Бу гапларда жон борми?

- Буларнинг бари ҳозирча журналистлар томонидан муҳокама қилинаётган гап-сўзлар холос. Аниқ таклиф юзасидан эса менга мурожаат билан чиқишгани йўқ.

- Агар сир бўлмаса, Москвага нима сабабдан йўл олдингиз?

- Москвани томоша қилмоқчиман. Бундан ташқари, ўртоқларим билан кўришишни истайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
21/09/2019 21:30
Купер менимча яна қолди йӯқотмадиям шу қари туллакди ерматив нима қаёққа қараяпди хайронман
Низомтой Эргашев
21/09/2019 21:51
Купер качон кетади? Пул етмаса халк йигиб берамиз шу сафар хам курук комелик ЖЧдан

Минбар

Барча блоглар