Серхио Маринангели: "Машъал"нинг мақсади академия тарбияланувчиларини жаҳон бозорига олиб чиқиш

Испаниялик мутахассис Серхио Маринангели бошчилигидаги “Машъал”нинг қандай ўйин кўрсатишини кузатиш жуда қизиқ туюляпти. Ҳозирча бу мураббий ҳақида яхши гаплар эшитяпмиз. Шунга яраша унинг қандай салоҳиятга эга эканлигини амалда кўриш ҳам биз учун муҳим.

“Машъал” бош мураббийи сифатида ишга киришганига ҳам 10 кундан ортди. Шу боис у ердаги дастлабки таассуротлари юзасидан sports.uz мухбири билан фикр ва мулоҳазаларини ўртоқлашди.  

- Сизни аввалига маслаҳатчи мураббий этиб тайинлашганди. Кейин эса бош мураббий деб эълон қилишди. Бундай таклифни кутмаганмидингиз?

- Биз жамоа формасини юқори даражага кўтаришни асосий мақсад қилиб олганмиз ва бу борада иш олиб боряпмиз. Биз бир жамоамиз, қарорлар биргаликда қабул қилинмоқда. Ҳар бир масалани профессионалларча дебат уюштирган ҳолда ҳал қилмоқдамиз.

- Клубдаги ишни нимадан бошладингиз ва асосий вазифангиз қандай?

- Ҳозирда энг муҳим масала мавсумолди тайёргарлик ишларини тўғри ташкил эта билиш, биринчи машғулотларданоқ футболчиларга ўз лойиҳамиз ғояларини сингдиришга уриняпмиз. Уларни кучайтириш ва ўз имкониятларини янада мукаммалроқ намойиш этишларига шароит яратиш, ўз ўйин услубимиз модулини шакллантиришимиз муҳим.

серхио1_1

- Таркибда қандай ўзгаришларн кўрамиз? Яна янги легионерларни ҳам таклиф қиласизми?

- Биз йигитларнинг футболга бўлган муносабатларини ўзгартиришимиз лозим. Улар тушунишлари керакки, футбол кичик шароитлар ва имкониятлар билан ҳам ўйнаса бўладиган спорт тури. Легионерлар масаласида гапирадиган бўлсам, биз ўтган йилда жалб этилган чет эллик футболчилар билан мавсумни бошлаш арафасидамиз. Янгиларни балки, трансферлар ойнаси ёпилгунча олиб келармиз.

- Футболчилар билан суҳбатлашишда муаммо туғилмаяптими?

- Коммуникация ҳар доим ва ҳар қаерда муҳим ҳисобланган. Айниқса, ғоялар кураш олиб борадиган футбол майдонида. Шунинг учун биз бу борада мутахассис жалб этдик. Ушбу ўзбекистонлик мутахассис Испанияда мураббийлик бўйича таҳсил олган ва жамоамиз мураббийлар штабида фаолият олиб бормоқда.

серхио3_1

- Нима деб ўйлайсиз, “Машъал” – бу фаолиятингиздаги янги чақирувми?

- Ушбу жамоада бўлиш менга ифтихор туйғусини беради. Бу улкан имкониятлар эшиги, демакдир. Биз меҳнат қилишда давом этсак, натижалар ўз-ўзидан келаверади.

- Янги мавсумга тайёргарлик режаси қандай кетмоқда?

- Меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат - бу бизнинг кунлик режамиз. Олдинда биз эришишимиз мумкин бўлган натижалардан мотивация олган ҳолда ўз мақсадларимиз ортидан илдамлаймиз.

серхио45

- Қайси ўзбек футболчиларига қўнғироқ қилмоқчисиз? Айнан сизга ёқадиганлари қайсилар?

- Жуда кўплаб ўзбек футболчилари менга манзур бўлди, аммо клуб раҳбариятининг мақсади ўз академияси футболчиларини кучайтириб, уларни жаҳон бозорига олиб чиқиш. Биз шу процесс устида меҳнат қилмоқдамиз.

- Мураббийлар штабидан кўнглингиз тўқми?

- Мураббийлар штабимиз 4 кишидан иборат: Зокиржон Холиқов, Дилявер Ваниев, Отабек Нарзуллаев ва мен. Биз барчамиз бир мақсад йўлида йиғилган жамоамиз. Айтиб ўтганимдек, ҳар бир қарор биргаликда чиқарилмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!