Серхио Рамос Мессининг жаҳлини чиқарди

ПСЖ ҳужумчиси Лионель Месси машғулотлар вақтида Серхио Рамосга жаҳл қилди. Манбаларнинг таъкидлашича, испан ҳимоячиси аргентиналик юлдузга нисбатан қўпол ўйнагани бунга сабаб бўлган.

Бироқ, тажрибали Рамос Мессини тезда жаҳлдан тушириш имкони топган ва вазият бартараф этилган. Шундан сўнг, жамоа машғулотларни давом эттирган.

Месси ва Рамос бир бирига ашаддий рақиб – “Барселона” ва “Реал” сардорлари сифатида ўзаро кўп тўқнаш келган. Бироқ ҳар икки ўйинчи ўтган йили ёзда ўз жамоалари билан янги шартнома туза олмагач, ПСЖга кўчиб ўтганди.

Месси парижликлар сафида жами 34 та учрашувда 11 та гол ва 15 та ассист муаллифи бўлди. Серхио Рамос эса жароҳати туфайли атиги 13 маротаба майдонга тушди ва бир жуфт тўп киритди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!