«Севилья» мураббийи ўйин пайтида рақибларни яширинча тинглашини тан олди
«Севилья» бош мураббийи Луис Гарсия рақиб жамоа мураббийининг сув учун танаффус пайтида берган кўрсатмаларини эшитиб турадиган ёрдамчиси борлигини тан олди.
«Менда махсус одам бор, у рақиб мураббий нима деяпти — ҳаммасини тинглайди ва телефон орқали менга етказади. Барча мураббийлар шундай йўл тутади, аксини айтаётганлар рост гапирмаяпти», — деди Пласа Хуанма Кастаньога берган интервьюсида.
Мазкур ҳолат атрофидаги тортишувлар Испания чемпионати 5-туридаги «Валенсия»га қарши ўйиндан сўнг кучайди. Сув учун танаффус вақтида «Севилья» мураббийи икки марта DAZN телеканали микрофонини қўли билан беркитгани кадрларга тушган эди.
«Мен рақиб жамоа мен нима демоқчи эканимни олдиндан билиб қолишини истамайман, фақат шу!», — дея изоҳ берди мутахассис ўз ҳаракатига. У тактик суҳбатлар жонли эфир орқали бутун дунёга эшитилиб кетишидан норозилигини билдирди.
Танаффус пайтида Пласа футболчиларни доира шаклида атрофига тўплаб, «Валенсия»нинг жойлашуви ва ўйиндаги ҳаракатларини тушунтира бошлади. Шундан сўнг у овозини шунчалик пасайтирдики, айтаётган гапларини эшитиш деярли имконсиз бўлди. Бу ҳолат испан оммавий ахборот воситаларида катта муҳокамаларга сабаб бўлди ва микрофон ишлаб чиқарувчи компания номи билан шартли равишда «Пертигагейт» деб аталди.
Етти турдан сўнг «Севилья» 13 очко билан турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.

Фикрлар