Шаҳрам Ғиёсов Шаҳло Аҳмедова билан муносабатлари, UFCга қачон ўтиши ва Шоҳжаҳон Эргашев ҳақида гапирди
Профессионал боксда фаолият олиб бораётган боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов 10 ойлик танаффусдан сўнг АҚШдан Ўзбекистонга қайтиб келди.
Иқтидорли чарм қўлқоп устаси “Зўр ТВ” телеканалига берган интервьюсида мухлисларни қизиқтирган қизиқарли саволларга жавоб қайтарди.
-Қўшиқчи Шаҳло Аҳмедова билан ўртангизда қандай муносабат бор?
-Бу ҳақда аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, Шаҳло билан шунчаки дўстмиз ва орамизда дўстликдан бошқа ҳеч қандай муносабат бўлмаган. Дўстингиз билан бирон жойда бирга овқатланишингиз ёки бирга сайр қилишингиз, муносабатлар бошқача тус олганини англатмайди.
-Ўзбек профессионал боксчилари орасида гонорар олиш бўйича нечанчи ўринда турасиз?
-Қанча гонорар олишимни айта олмайман, аммо ўзбек боксчилари орасида энг кўп гонорар олиш бўйича биринчи ўринда тураман.
-Сиз фаолият юритаётган промоутерлик компаниясида яна қайси ўзбекистонлик боксчилар бор?
-Бектемир Мелиқўзиев, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов.
-Фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг, UFCга ҳам ўтиш ниятингиз борми?
-Ҳозирча йўқ. Балки боксдаги фаолиятимни якунлаганимдан сўнг, ўтишим мумкиндир. Айни дамда менинг бор эътиборим, хаёлларим камарларда.
-“Рио-2016”да қўлга киритилган тарихий натижалар “Токио-2020”да ҳам такрорланиши мумкинми?
-Ҳеч нарса дея олмайман. Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкин, бундай олтин авлод ўзбек боксида бошқа бўлмаса керак. Бундай авлод, бундай натижалар...жуда ҳам қийин. Бунинг учун аҳиллик керак. Боксчиларнинг бир-бирига оқибати, тренерларнинг ўзаро ҳурмати бўлиши керак. Очиғини айтсам, ҳозир мен ҳеч кимда бу хусусиятларни кўрмаяпман. Бизнинг пайтимизда бирлик бор эди, ҳозир бирлик йўқолган. Ҳамма ўзим бўлсам, дейди. Кўрамиз, агар Токиода натижа бўлса, демак улар тўғри йўлда бўлади.
-Шоҳжаҳон Эргашев билан жанг қилишингиз мумкинми? Агар бу жанг бўлса, у Ўзбекистонда ўтказиладими?
-Агар шундай бўлса, уни Ўзбекистонда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Негаки, бу бизнинг жанг. Икки ўзбек боксчисининг ўзаро жангини бутун Ўзбекистон кўриши керак. Лекин шу ўринда, бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, биз Шоҳжаҳон билан дўстмиз ва ўзаро муносабатларимиз яхши. Лекин рингда дўст бўлмайди, рингга чиққач, қаршингизда фақат рақибингиз туради.
Фикрлар