“Шаҳрихончи” Биринчи лиганинг қолган учрашувларини рақиб жамоа майдонида ўтказади

“Шаҳрихончи” жамоаси 2022 йилги мавсум Биринчи лига мусобақасида иштирок этиш учун қатор талаблар ижросини ўз зиммасига олган бўлиб, бугунга келиб уларни лозим даражада бажармади.

Шундан келиб чиқиб, Лига “Шаҳрихончи” жамоаси ўз стадионида футбол учрашувларини ташкил этмаслиги юзасидан қарор чиқарди. Бунда футбол жамоаси уй учрашувларини ўтказиш учун бошқа стадиондан фойдаланиши лозим эди.

Гарчи жамоа бошқа стадион бўйича таклиф киритиш масаласини пайсалга солган ҳамда белгиланган талабларга ўз вақтида риоя қилмаган бўлса-да, Лига туманнинг кўп сонли футбол ишқибозларининг илтимосидан келиб чиқиб, Биринчи лига 5-туридан ўрин олган “Жайхун”га қарши беллашувни Шаҳрихондан унча узоқ бўлмаган Олтиариқда ўтказишга рухсат берди.

Бироқ “Шаҳрихончи” жамоаси раҳбарияти мазкур беллашувга умуман тайёргарлик кўрмагани, учрашувни ўтказиш учун зарур шароит ташкил қилмагани учрашув комиссари томонидан қайд этилди. Мазкур сабаблардан келиб чиқиб, “Шаҳрихончи” жамоаси Биринчи лиганинг қолган учрашувларини фақатгина рақиб жамоа майдонида ўтказади.

Стадион борасида Лига томонидан жамоа олдига қўйилган талаблар тўла ҳал қилинган тақдирда мазкур қарорни ўзгартириш варианти кўриб чиқилади.

 

Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!