Шавкат Мирзиёев Одил Аҳмедовни юксак унвон билан тақдирлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат ва оммавий ахборот воситалари соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг ёрқин истеъдоди, серқирра ижоди, илмий-инновацион фаолияти билан мамлакатимизнинг илм-фан, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги самарали хизматлари ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ҳамюртларимиз давлатимизнинг юксак унвонлари билан мукофотланди.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди.
- Давлатимиз раҳбари мени ушбу фахрий унвон билан тақдирлаганларини эшитиб, бошим осмонга етди. Бизнинг меҳнатимизни шунчалик юқори қадрлаганлари учун миннатдорчилик билдираман.
Албатта, бу биз учун катта масъулият юклайди. Футболчилик фаолиятимда янада кўп ҳаракат қилиб, юртимиз довруғини дунёга кенг ёйилишига ўз ҳиссамни қўшишга доимо тайёрман.
Бўлажак муҳим учрашувларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори сифатида мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
Шу фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Мустақиллик байрами билан табриклайман!, - деди Одил Аҳмедов.
1987 йилнинг 25 ноябрида Наманган вилоятида таваллуд топган Одил Аҳмедов профессионал футболчилик фаолиятини 2006 йили “Пахтакор” жамоасида бошлади. У илк учрашувни 18 ёшида 16 май куни сафар ўйинида “Қизилқум”га қарши ўтказди.
Одил Аҳмедов “Пахтакор” таркибида бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, мамлакат кубоги соҳиби бўлди. Шунингдек, МДҲ мамлакатлакатлари чемпионлари кубоги мусобақада ҳам бош совринни қўлга киритди.
Янги асрнинг энг ёрқин ўйинчиларидан бўлган Одил Аҳмедов фаолияти давомида уч маротаба Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси, деб топилган.
Истеъдодли ярим ҳимоячи Россия чемпионатида “Анжи” ва “Краснодар” жамоалари сафида тўп суради ва бу чемпионатда энг кўп – 211 та учрашув ўтказган ўзбекистонлик футболчи сифатида рекор ўрнатган. Одил Аҳмедов ҳар икки клубда ҳам мавсумнинг энг яхши ўйинчиси, деб эътироф этилди.
Айни пайтда жаҳон юлдузлари билан бир қаторда Хитой чемпионатида “Шанхай СИПГ” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз дунёдаги энг улкан мамлакат чемпионлигига ҳам сазовор бўлган.
Одил Аҳмедов Ўзбекистон терма жамоаси сафида 100 дан ортиқ учрашувда майдонга тушиб, 20 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган.
Давлатимиз раҳбари Фармонига кўра, ўзбек футболининг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган тажрибали мутахассис Равшан Ҳайдаров эса, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланди. Айни пайтда “Сурхон” клубини бошқараётган мураббийга муваффақият тилаймиз.
Фикрлар
Shanxay SPIJ