Шавкат Мирзиёев ОФК президентини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Осиё футбол конфедерацияси билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Осиё футбол конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифани қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Салмон бин Иброҳим Ал Халифани қитъа конфедерацияси президенти лавозимига қайта сайлангани билан самимий қутлаб, Осиёда ушбу спорт турини оммалаштиришга қўшаётган шахсий ҳиссасини қайд этди.

Мамлакатимиз ва конфедерация ўртасида сермаҳсул ҳамкорлик олиб борилаётганига алоҳида мамнуният билдирилди. Футболни ривожлантириш, унга ёшларни кенг жалб қилиш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа Ўзбекистонда ҳаваскор ва профессионал футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва ўқитиш базасини барпо этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади. Мамлакатимизда ёшлар ўртасида Осиё чемпионатлари муваффақиятли ўтказилгани ва яқинда миллий терма жамоамиз ғалаба қозонгани билан чин дилдан табриклади.

Учрашув давомида Осиё футбол конфедерацияси билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, йирик тадбирлар, шу жумладан хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги биринчиликларни ташкил этиш ва ўтказиш, ушбу спорт турини оммалаштириш, илғор тажрибани жорий қилиш ва методологик ёрдам кўрсатиш, мураббийларнинг малакасини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!