Шавкат Муллажонов: "Мураббийликда ҳали ўрганадиган нарсаларим кўп, бу менга имконият"
Биринчи лигада иштирок этаётган “Олимпия” жамоаси Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида иштирок этди. “F” гуруҳидаги охирги ўйинини Фарғонада “Андижон”га қарши ўтказишди ва йирик 6:0 ҳисобида имконият бой берилди.
Учрашувдан сўнг “Олимпия” бош мураббийи Шавкат Муллажонов саволларга жавоб берди.
- Биринчи навбатда “Андижон” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, бизни тайёрланган тактикамиз ўтди, деб ҳисоблайман. Фақат ўйинчиларимиз ёш бўлгани учун стандарт вазиятларда ютқаздик. Кўп голларни стандартдан ўтказдик. Ҳаводаги курашларда ҳам ютқаздик. Йигитларимдан розиман, ўйин менга ёқди. Мен айтган нарсани кўрсатиб беришди.
- Кубок баҳсларида “Олимпия”ни “Олимпик” ва “Навбаҳор” билан баҳсларида бу даражада йирик ҳисоб қайд этилмаганди. Бугун эса “Андижон”га йирик ҳисобда мағлубиятга учраганингларни асосий сабаби нимада, деб ўйлайсиз?
- Тайёргарлигимиз ҳар хил. Ундан олдин ҳам ўйнадик. Жамоамизда кўп йўқотишлар бор. “Навбаҳор” билан учрашувда бошқа таркиб ўйнаганди. Бундан олдин ҳам айтганман, ярим футболчиларимиз терма жамоага кетишган. Бор ўйинчилар билан ҳаракат қиляпмиз. Ҳаммасига имконият берамиз. Мақсадимиз футболчи етказиб бериш. Натижага келсак, ҳозир айтганимдек, ҳаводаги жангда ютқаздик. Голларимизни стандартлардан ўтказдик. Қолган вазиятларда биз айтган нарса бўлди. Олдимизда “Нурафшон”га қарши ўйинимиз бор. Ушбу учрашув олдидан бу баҳсда футболчилар биз айтган тактикада ўйнашди. Кўнглим тўлди. Натижадан кўнглим тўлмаган бўлса-да, бизда 15-16 ёшли иқтидорли йигитлар мавжуд ва бир-иккита каттаси бор, 18-19 ёшли. Асосан бизда 2006 ва 2007 йилларда туғилган ўйинчилар жамланган. Мен уларга асосан футбол ўйнашни ўргатяпман холос. Футбол ўйнашни ўрганиб олишганидан кейин натижа келаверади. Ўйин янада ўзгараверади.
- “Андижон”да тўп сургансиз, бу жамоа орқали катта футболга кириб келгансиз. Собиқ клубингизни Суперлигадаги салоҳиятини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- “Андижон” жуда тартибли ўйин кўрсатяпти. Ўйинларини кўриб чиқдим. Ҳамма жойда мураббийнинг қўли кўриниб турибди. Айниқса, стандарт вазиятларда. Биз шу нарсага қарши минг ҳаракат қилган тақдиримизда ҳам болалар бўйи билан ҳам ёрдам бера олмадилар. Лекин “Андижон”ни ўйини ёқяпти.
- Учрашув бошидан қайдномада 4 та ҳужумчи туширганингизни кўрдик. Бундан қандай тактикани кўзлагандингиз?
- Йўқ, 4 та ҳужумчи туширмадим. 3 та ҳужумчи ва уларнинг ортидан бир нафар ҳужумкор футболчи ўйнади. Бу учрашувга мақсадимиз ўртани ёпиб, қанотларни очиш эди. Кўплаб ҳужумлари марказдан бўлгани сабабли биз бугун ўртани ёпишга ҳаракат қилдик. Барибир куч масаласида ҳам сезилади. Чунки рақиб Суперлига жамоаси ва хорижлик ўйинчилари бор. Барибир биз айтган нарсани 100 фоиз қилиб бера олмайдилар. Ҳаммани кучи ҳар хил. Булар ўсиб келаётган ёшлар бўлгани учун ўзимиз истаган даражага олиб чиқишга ҳаракатдамиз.
- “Андижон” мухлисларига нима дея оласиз?
- “Андижон” ишқибозлари ҳар доимгидек қувноқ. Биринчи ўринда деб ўйлайман.
- “Олимпия” биринчи лигада иштирок этяпти. Жамоани олдига қўйган вазифаси қандай ва шу билан бирга мураббий сифатида режаларингиз нималардан иборат?
- “Олимпия”ни мақсади “Одил Жуниор”дан футболчи етказиб, Ўзбекистон термасига, клубларига муносиб тарбиялаш. Ўзимга келсак, бу жамоани қишда қабул қилиб олган бўлсам, ҳали кўп ишлашим керак. Ҳозирча ўрганяпман. Мураббийликда ўрганадиган нарсаларим кўп. Бу менга имконият. Болаларни тарбиялаш ва ўзимга ҳам ўрганишим учун яхши деб ўйлайман. Футболчи сифатида ўйнаганимиз бошқа нарса. Мураббийлик эса бошқа. Булар икки хил нарсалар.
Фикрлар