Шахмат бўйича FIDE жаҳон чемпионати қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди (Фото)

Ўтган йилнинг сўнгги кунларида Польша пойтахти Варшавада ўтказилган шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё шахмати учун ҳам тарихий натижани туҳфа этди.

Биз учун аҳамиятлиси, мазкур жаҳон чемпионатининг рапид йўналишида 17 ёшли ҳамюртимиз, дунёнинг энг ёш гроссмейстерларидан бири Нодирбек Aбдусатторов номдор рақиблари, жумладан, классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсенни мағлубиятга учратиб, рапид йўналишида энг ёш жаҳон чемпионига айланди.

Нодирбек мусобақа давомида Карлсендан ташқари Фабиано Каруана (AҚШ), Ян Непомняший (Россия), Левон Aронян (Aрманистон) каби замонамизнинг энг номдор ва етакчи шахмат усталарини ҳам мағлуб этиб, ҳақли равишда чемпион бўлди.

Рапид йўналишидан сўнг, 180 нафар шахматчи икки кун давомида блиц йўналишида ўзаро мусобақалашди. Ўтказилган баҳслар якунига кўра, Жавоҳир Синдаров ҳамюртларимиз орасида энг яхши натижани қайд этди. Шахматчимиз 21 имкониятдан 13,5 очко жамғарган ҳолда 8-ўринни эгаллади.

Бугун тунда жаҳон чемпиони Нодирбек Aбдусатторов ва терма жамоамизнинг қолган вакиллари жой олган самолёт Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Шахматчиларимизни Туризм ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон шахмат федерацияси масъул ходимлари, кенг спорт жамоатчилиги, шахматчиларнинг оила аъзолари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари тантанали равишда кутиб олишди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатидаги ғалабаси шарафига ҳамюртимиз Нодирбек Aбдусатторов Президент фармонига кўра "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан тақдирланди ҳамда Тошкент шаҳридан икки хонали уй билан мукофотланди.

photo_2022-01-02_09-40-12

photo_2022-01-02_09-40-12 (2)

photo_2022-01-02_09-40-10

photo_2022-01-02_09-30-35

photo_2022-01-02_09-40-14

photo_2022-01-02_09-40-14 (2)

photo_2022-01-02_09-40-15

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!