Шерали Жўраев: Бир марта бўлса ҳам Шерали Жўраев билан учрашиш ниятим бор
“Қизилқум” жамоасида кўп йиллардан бери тўп суриб келаётган ярим ҳимоячи Шерали Жўраев ҳозирда ўз клубининг етакчиси ҳамда сардори ҳисобланади. Ушбу ўйинчи билан эса бир қатор масалаларда қизиқарли суҳбат уюштиришни режалаштириб қўйгандик. Натижада футболчи таклифимизни ижобий қабул қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, футболчи Шерали Жўраевни эл суйган санъаткор Шерали Жўраев билан қандай алоқаси бор? Шу билан бирга “Қизилқум”нинг омадсиз старти, мураббийнинг ўзгариши каби масалаларда ҳам суҳбат уюштирдик.
- Шерали, дастлаб карантинни қай ҳолатда ўтказаётганингиз хусусида тўхталиб ўтсангиз?
- Оилам билан биргаман. Шунингдек, ҳар куни бўш ўтирганим йўқ. Боиси, мураббийларимиз томонидан берилган машқларни индивидуал тарзда бажаряпман. Биз ҳамма вақт тайёр бўлиб туришимиз керак. Негаки, карантин барибир қачондир тугайди. Ана шунда чемпионатимиз ўйинларига ҳам яна рухсат берилади. Бунинг учун эса уйимизда шуғулланиб, имкони қадар тайёр бўлиб туришга ҳаракат қиляпмиз. Умид қиламанки, тез орада ҳаммаси яхши якун топади. Лекин айни пайтда барчамиз карантинга риоя қилган ҳолда уйда ўтирибмиз.
- Ҳозирча чемпионат қачондан давом эттирилишини ҳеч ким билмайди. Гарчи индивидуал шуғулланаётган бўлсангиз-да, чемпионат бошланишигача ортиқча вазнга эга бўлиб қолишдан хавотирда эмасмисиз?
- Йўқ, бу борада хавотирда эмасман. Чунки профессионал футболчи ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзининг вазнини ва ҳолатини меъёрида ушлаб туриши керак. Уйда шуғулланамизми ёки стадиондами, нима бўлганда ҳам спортчи қатъий режимга амал қилган ҳолда ортиқча вазндан сақланиши муҳим. Масалан, мен ҳовлимизда ҳар куни машғулот ўтказиб турибман. Ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ. Боя айтганимдек, карантин албатта тугайди. Биз эса ўша пайтгача спорт формамизни сақлаб туришимиз керак бўлади.
- Энди “Қизилқум” жамоасига тўхталсак. Афсуски, жамоангиз мавсумни яхши бошлай олмади. Ҳолбуки, сизлар учун қуръа яхши тушганди. Дастлабки иккита ўйинни ўз майдонингларда “Насаф” ва “Сурхон”га қарши ўтказиб ютқаздинглар. Сўнг сафарда Суперлига дебютанти билан дуранг қайд этдинглар. Бунинг сабабини нима билан изоҳлайсиз?
- Менимча, бунга футболчилардаги ҳаяжон сабаб бўлди. Биз қишки йиғин давомида Тошкент, Туркия ва Навоийда шуғулландик. Айтишим керакки, жамоамизнинг ҳолати анча яхши эди. Ўз майдонимиздаги иккита ўйинда боя айтганимдек, йигитлардаги ҳаяжон кучлилик қилди. Ўз мухлисларимиз қаршисида уларни фақат ғалабалар билан хурсанд қилишни истагандик. Аммо ўзимиздаги баҳсларда ўша ҳаяжонни боса олмадик деб ўйлайман. Кейин эса сафарда бир очко олдик. Ваҳоланки, “Қизилқум” қишки йиғиндаги назорат учрашувларида яхши таассурот қолдирганди. Ишонаманки, жамоамиз навбатдаги беллашувларда албатта ўзини кўрсата олади.
- Футболда шундай гап бор: ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади. Табиийки, натижага бош мураббий жавобгар бўлгани сабабли “Қизилқум”нинг мағлубиятларидан кейин Ҳамиджон Актамов истеъфога чиқди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?
- Ўзингиз айтганингдек, чиндан ҳам ғалаба жамоаники, мағлубият эса мураббийники. Лекин шуни айтмоқчиманки, ўз майдонимиздаги иккита мағлубиятда мураббийларимизни сабабчи деб ҳисобламайман. Бунга фақат биз ўйинчилар айбдормиз. Боиси, ўзимиз кутилган ўйинни намойиш эта олмадик. Шунинг оқибатида иккита учрашувда мағлубиятга учрадик. Яна бир бор такрорлайман: мағлубиятларимизнинг сабаби мураббийларда деб ўйламайман. Чунки Анталия ҳамда Тошкентда ўтказган ўйинларимизга қараб хулоса чиқарган ҳолда айтяпманки, бизда яхши жамоа тузилган. Шунчаки, чемпионатнинг илк турларида ютқазиб қўйганимиз тасодиф бўлди деб ҳисоблайман. Жамоага Гвардиола ёки Моуриньони олиб келсангиз ҳам таркибдаги футболчилар барибир ўша-ўша. Негаки, майдонда мураббийлар эмас, футболчилар ўйнашади-ку. Шундай экан, мағлубиятларда ўзимизни айбдор ҳисоблайман.
- Жамоадагиларнинг бундай ўзгаришга муносабати қандай бўлмоқда?
- Ҳамманинг фикри ҳар хил. Натижа бўлмаса, ҳамма дарҳол мураббийлар штабида ўзгаришларга қўл уришади. Лекин бояги гапимни яна қайтараман: дастлабки иккита учрашувда биз футболчилар керакли даражада ўйнай олмадик ва шу сабабдан ютқаздик. Аммо ўша иккала ўйинни ҳам яхши бошлагандик. Балки кейинчалик бизга маҳорат ҳам етишмагандир.
- Мураббийнинг ўзгариши “Қизилқум”га ижобий таъсир қилади деб ўйлайсизми?
- Мураббий ўзгариши ижобий ёки салбий бўлади дея олмайман. Ҳамиджон Актамов неча йиллардан бери Навоий футболига ўзининг катта ҳиссасини қўшиб келган. Унинг кетиши яхшиликка бўлдими ёки ёмонликками, бу ҳақида ҳозирча ҳеч ким бирор нима айта олмайди. Чунки эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Аммо Актамов Навоий футболини кўтаришда кўп ишларни қилган. Албатта, бундай вазият ҳаммага ҳам оғир ботади.
- Энди унинг ўрнида қайси мураббий ишлаши ҳаммани қизиқтиряпти...
- Ҳали биз ҳам билмаймиз. Жамоани ким бошқариши номаълум. Биз ҳозирча олдиндан берилган дастур асосида ишлаяпмиз. Аммо бизга ким бош мураббий бўлиши ҳақида маълумот берилмаган. Кимни таклиф қилиш бу раҳбариятнинг иши. Биз эса ўз ишимизни бажарамиз.
- Аммо матбуотда бир қатор мутахассисларнинг номзодлари айтилмоқда...
- Ҳа, оммавий ахборот воситаларида бир қатор мураббийларнинг номларини тилга олишяпти. Даврон Файзиев, Тачмурод Агамуродов, Александр Хомяков, Виктор Кумиков каби мутахассислар ҳақида гапиришяпти. Бироқ бизда ҳали 100 фоизлик аниқ маълумот йўқ. Барчасини вақт кўрсатади.
- Энди кўпчиликни қизиқтирган саволни бермоқчиман. Юртимизда эл суйган хофиз сифатида танилган Шерали Жўраевни ҳамма яхши билади. Сизнинг исм-фамилиянгиз уники билан бир хил. Шу сабабли кўпчилик сизни унинг ашаддий мухлиси эканингиз ҳақида тахмин қилишади...
- Дадам менга шу исмни қўйган, чунки Шерали Жўраевнинг мухлиси бўлган. Уни яхши кўргани ва фамилиям ҳам бир хил бўлгани учун менга Шерали деб исм қўйган. Футбол пайтида эса кулгули ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Мухлислар орасида мени хофиз деб бақириб ҳам туришади. Айниқса, Андижонга борсам, бу борадаги гапларни кўп эшитаман. Балки Шерали Жўраев андижонлик бўлгани учун ҳам у ерлик ишқибозлар мен билан ҳазиллашишар. Дадам менга бу исмни қўйганида албатта санъаткор бўлади деб ният қилмаган. Шунчаки, ўша санъаткорга қизиққан. Мен эса кейинчалик футболчи бўлиб етишдим. Укам ҳам футболчи, аммо унинг фамилияси бошқа...
- Ҳа, мен ҳам сиздан айнан шу ҳақида сўрамоқчи бўлиб тургандим. “Навбаҳор”да фаолият кўрсатаётган дарвозабон Дилшод Ҳамроев укангиз эканлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. Аммо у билан фамилиянгиз бошқа-бошқа...
- Дадамнинг фамилияси Жўраев. Дадамнинг дадаси эса Ҳамро бўлган. Оилада тўртта фарзанд бўлсак, иккитамиз Жўраев, яна иккитамиз Ҳамроев.
- Шу пайтгача Шерали Жўраев билан учрашиш имкони бўлганми?
- Ҳаётда ҳали у билан учрашмаганман. Адашмасам, 2010 йили интервью берганимда ҳам Шерали Жўраев билан кўришиш ниятим борлиги ҳақида айтгандим. Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Дадамни бир марта бўлса ҳам Шерали Жўраев билан учраштириш ниятим бор. Дадам эса менинг исмимни айнан уники билан бир хил бўлишини истаб шу номни қўйган. Ҳозирча ниятим амалга ошмаган.
- Ўзингиз ҳам унинг қўшиқларини эшитиб турасизми?
- Ҳа, тинглаб тураман. Унинг қўшиқлари ҳаётий ва доим жонли ижрода куйлайди. Барибир у билан учрашиш ниятидан қайтганим йўқ. Қачондир кўришганимизда унинг исмига атаб менга ҳам шундай исм қўйганини ва фамилиямиз ҳам бир хил эканлигини унга айтиш ниятим бор.
- Фаолиятингизни адашмасам, асосан “Қизилқум”да ўтказиб келяпсиз-а?
- Ҳа, 2009 йилдан бери. Фақат орада бир марта, 2013 йили Олмалиқда ўйнаб келдим.
- Айтмоқчиманки, шунча йилдан бери сизни “Қизилқум”да нима ушлаб туради?
- Битта клубга ўзимнинг садоқатимни бағишлаганман. Бу орқали шу клубнинг тарихидан жой олишни хоҳлайман. Ўтган вақт давомида турли қийинчиликлардан ўтдик. Молиявий муаммолар, ўйнамай юрган пайтларим...нима бўлганда ҳам мен “Қизилқум”да қолганман. Худога шукрки, ўзимга яраша мухлисларим бор. Улар ҳамиша қўллаб-қувватлашади. Мақсадим фаолиятимни шу жамоада якунлаш ҳамда “Қизилқум”нинг афсонасига айланишни хоҳлайман.
- Аммо шу пайтгача сизга бир қатор яхши таклифлар ҳам бўлганди...
- Яширмайман, қизиқарли таклифлар бўлган. Аммо доим тегишли хулосаларни чиқариб, “Қизилқум”да қолишга ҳаракат қилаверганман. Мухлисларим, оила-аъзоларим, яқинларим, қадрдонларим – ҳаммаси шу ерда. Жамоада қолишимда ишқибозларимизнинг ҳам ҳиссалари бор. “Қизилқум”да кўп йилдан бери ўйнаб келаётганим учун ҳам мени жамоа сардори қилиб тайинлашган. Шунинг учун ҳамма вақт ушбу клубга содиқ бўлиб қолишни хоҳлайман.
Фикрлар