Шоҳжаҳон Эргашев икки тўқнашувдан бош тортди. У катта жангни кутяпти!

Қозоғистоннинг Vesti.kz нашри ўзбекистонлик супернокаутчи Шоҳжаҳон Эргашев (19-0, 17 КО) қозоғистонлик енгилмас боксчи Ботир Жукембаев (18-0, 14 КО) билан жанг қилишдан бош тортганини маълум қилди.

Бокс оламининг нуфузли манбалари –  Boxingscene.com ва Boxing News инсайдери Шон Нам тарқатаётган маълумотга қараганда, Шоҳжаҳонга бу жанг учун 25 минг доллар гонорар таклиф қилинган, бироқ ҳамюртимиз бу тўқнашувга розилик бермаган.

photo_156880

- Бир қатор манбалар менга Шоҳжаҳон Эргашевнинг фаолияти билан MTK Global шуғулланаётганини маълум қилишмоқда. Суд ҳужжатлари боксчининг промоутери Дмитрий Салита шартнома шартларини бузиб, ўтган йили Россияда жанг ташкил қилгани учун Шоҳжаҳонга қарши судга иккита даъво аризасини киритганидан далолат бермоқда.

Шунингдек, маълум бўлишича, Шоҳжаҳон Эргашев Showtime доирасида гонорари эллик минг АҚШ доллари бўлган Гэри Антуан Рассел ва  Ring City профессионал бокс кечасида 25 минг АҚШ доллари қўйилган Ботир Жукембаевга қарши ўтказиладиган жанглардан бош тортган. Даъво аризасига кўра, Эргашев IBF рейтингидаги мавқеидан мосуво бўлиши мумкин, - деб ёзади инсайдер Шон Нам.

Маълумотларга қараганда, Ботир Жукембаев ҳам Шоҳжаҳон билан жангдан умидини узган. Қозоғистонлик боксчи ҳам MTK Global менежерлик компанияси билан шартнома имзолаган. Ботир ёзда пуэрториколик чарм қўлқоп устаси Габриэль Матиас билан жанг учун келишувга эришди. Унинг бўлажак рақиби 16 та тўқнашувда рақибларини нокаут билан енгган ва бир бор мағлубиятга учраган.

Эслатиб ўтамиз, Шоҳжаҳон Эргашев ўтган йилнинг ноябрь ойида Россиянинг Красногорск шаҳрида ташкил этилган профессионал бокс кечасида беларуслик Дмитрий Милюша (9-4-1,4 КО)  билан куч синашиб, рақибини иккинчи раундда нокаутга учратган эди.

Шоҳжаҳон Эргашев яқинда Тошкентга келганида Sports.uz мухбири билан алоқага чиқди. Суҳбат давомида боксчимиз ҳақиқатан Дмитрий Салита билан судлашаётганини ва у таклиф қилган жанглардан бош тортганини тасдиқлади. Шоҳжаҳоннинг айтишича, Салита унга 2020 йил давомида чемпионлик жангларини ташқил қилишга ваъда берган, бироқ амалда бундай бўлиб чиқмаган.

ergashev-fredrickson03

Нокаутчи боксчимиз биз билан суҳбатда бошқа компанияликлар билан музокара ўтказаётганини ва ёзгача муҳим жанг ўтказиши кераклигини, ўзининг шахсий промоутерлик компанияси орқали Тошкентда ҳам профессионал бокс кечаси ташкил этиш режаси борлигини маълум қилган эди.

Шоҳжаҳон профессионал боксчилик фаолиятини 2015 йили Россияда бошлаган эди. Дастлабки тўққизта жангини ушбу мамлакатнинг турли шаҳарларида ўтказган ҳамюртимиз 2017 йилнинг АҚШга кўчиб ўтди. Профессионал бокс маркази бўлган ушбу давлатда енгилмас ҳисобланган Сонни Фредриксон, Микел Фокс, тажрибали боксчилардан Назарено Гастен Руиз, Абдиел Рамирес, Адриан Эстреллани мағлубиятга учратиб, америкалик мухлису мутахассислар эътиборига тушди.

Айни пайтда Шоҳжаҳон Эргашев АҚШда машғулот ўтказмоқда ва бўлажак жангларга тайёргарлик кўряпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
28/03/2021 01:25
Шохижахон аллақачон ўзвазн тоифасини энг зўри бўлган. Фақат унинг прамотирлари у ҳоҳлайотган катта жангларни чемпионлик жангларини ташкил қилиб бера олмаган. У даҳшатли натижаларни қайд этиб қўйган унга катта жангларни камарлани олишини тилаб қоламиз