Шоҳжаҳон Эргашев собиқ жаҳон чемпиони билан жанг қилиши мумкин

Супер енгил вазнда собиқ жаҳон чемпиони Режис Прогрейс ( 24-1, 20КО) ва Шоҳжаҳон Эргашев ( 18-0, 16КО) жанги учун промоутерлар музокара олиб бораётганликларини маълум қилдилар. 

"Эргашев ва Прогрейс тўқнашуви ушбу вазнда энг зўр жанг бўлган бўларди. Иккала боксчи ҳам ўзининг юқори формасида ва ушбу дивизионда етакчи эканликларини исботлаш ниятидалар. Ҳар икки томон ҳам жангга қизиқиш билдираётганини ҳисобга олсак, пандемия даврида мухлислар учун ажойиб жанг ташкил этишга ҳаракат қиламиз",-  деди Эргашевнинг промоутери Дмитрий Салита Boxingscene сайтига.

Showtime канали вакили Стефан Эспиноза ҳам ушбу жангни эфирга узатиш бўйича канал қизиқиш билдираётганини айтиб ўтган. Эдди Хирн эса, DAZN платформасида бўлиб ўтадиган шоу учун Прогрейсга Пабло Сезар Канони таклиф этмоқда.

"Биз албатта ушбу жангни ҳоҳлаймиз. Регис машғулот ўтказди ва тезроқ жанг бўлиши керак. Биз Дмитрий Салита ва Стефан Эспиноза билан Эргашев - Прогрейс жанги борасида музокаралар олиб бормоқдамиз. Aммо ҳозирча аниқ молиявий таклифлар бўлгани йўқ. Шу билан биргаликда DAZN платформасида трансляция қилиш учун Пабло Сезар Канога қарши жанг ҳам бизни хурсанд қилган бўларди", - деди Прогрейснинг промоутери Лоу Дибелла.

Собиқ жаҳон чемпионлари Режис Прогрейс ( 24-1, 20КО) ва Маурис Хукер ( 27-1-3 18КО) 17 апрель куни жанг ўтказишлари керак эди. Aммо, пандемия сабаб жанг бекор қилинди ва кейинчалик Хукер ушбу вазн меъёрини бажара олмаслиги туфайли, жангда иштирок этмаслигини маълум қилди. Ҳозирда Прогрейс учун рақиб топиш борасида бир қанча боксчилар билан музокаралар давом этмоқда. Хусусан, Эдди Хирн уни Шаҳрам Ғиёсовга қарши кўришга ҳам қизиқиш билдираёдганини айтган эди. Бироқ, Ғиёсовнинг ёрдамчи менежери Aлико Фроловнинг бизга айтишича бу борада ҳеч қандай музокаралар олиб борилаётгани йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!