Шок хабар: Муҳаммад Салоҳ “Сити”га қарши сўнгги бор ўйнаганини айтди

Англия Премьер-лигаси 13-турининг марказий учрашувида мусобақа пешқадами “Ливерпуль” амалдаги чемпион “Манчестер Сити”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

“Шаҳарликлар” дарвозасига иккинчи тўпни киритган Муҳаммад Салоҳнинг ўйиндан кейин билдирган фикрлари “Ливерпуль” мухлисларини хавотирга солиб қўйди.

- Тўғрисини айтсам, бир нарсани ўйлаб қолдим. Ҳозирча, бу менинг “Ливерпуль” таркибида “Манчестер Сити”га қарши ўтказган охирги учрашувим ва шу боис, ундан роҳат олишни истадим. Биз лигада ғолиб чиқишимизга умид қиламан ва уёғига нима бўлишини вақт кўрсатади, - деди Муҳаммад Салоҳ.

Гап шундаки, мисрлик футболчининг клуб билан келишуви ёзда якунига етади. “Ливерпуль” 32 ёшли етакчисига ҳали шартнома бергани йўқ.

Муҳаммад Салоҳга Европа, АҚШ ва Саудия Арабистонидан бадавлат клублар иш ва мўмай даромадли шартнома таклиф қиляпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!