Шомуродов асосий таркибга муносибми?
Мақола аввалида, Элдор Шомуродовни бир томондан ўзбекистонлик футбол ишқибозлари, иккинчи тарафдан россиялик, хусусан, ростовлик мухлислар қўллаб-қувватлаб турганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўз навбатида, генуяликлар ҳам ҳужумчимизни яхши қабул қилди.
Элдорнинг Италиядаги дебютини кўпчилик алоҳида эътибор билан кузатди. Ҳарқалай, “Верона” майдонида бўлган учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушган ҳамюртимиз ўз жамоадошларидан қолишгани йўқ. Сафардаги қимматли бир очкога ўз ҳиссасини қўша олди.
Хориж оммавий ахборот воситаларида 25 ёшли ҳужумчимиз дебюти бўйича таҳлилий материаллар чоп этила бошлади. Бу яхши албатта. Шу тариқа, ўзбек футболига назар ташланади. Элдор ортидан яна кимлардир Европага кетиб қолишини ҳамма мухлислар ажойиб сюрприз сифатида қабул қилса керак.
“Женоа”нинг асосий одами – бош мураббий Роландо Мараннинг Элдордан умиди катта. У буни ўйиндан олдин шундай изҳор қилганди:
Элдор 5-6 кундан бери умумий гуруҳда шуғулланяпти. У ҳаракат қиляпти ва ўйини менга маъқул. Жамоа услубига киришиб кетишига бироз муддат керак. Янги чемпионатга мослашиш ҳам вақт олади. Мен Шомуродов ўзини яхши томондан кўрсатаётганини айтишим мумкин.
Шомуродов 63-дақиқа тўп сурган ўйинда “Женоа” дуранг учун ўйнагандек кўринди ва мақсадига етди. Генуяликлар асосий эътиборни жамоавий ҳимояланишга, рақибни қарши ҳужумда ушлашга ва қанотлардан узоқ масофага тўп ошириб, ҳужум қилишга эътибор қаратди. Бу услуб учун Шомуродов типидаги ҳужумчилар идеал вариант. Чунки Элдорнинг бўйи баландлиги унга “иккинчи қаватдаги” курашларда устунлик беради, тезкорлиги бўш зоналарга қочиб кета олишини таъминлайди. Бу усулда ўйнайдиган жамоада Элдор учун яхши имкониятлар кўп бўлади.
Ўйинда Шомуродов тўпни эгаллаб олиш, корпусдан фойдаланиш, фол ишлаш, рақибдан қочиш, позиция танлашдаги қобилиятларини ва яхши жисмоний тайёргарликка эгалигини кўрсатди. Шомуродов захирага олинганидан кейин “Женоа” майдоннинг рақиб эгалик қиладиган томонидан тўпни эгаллашда муаммоларга дуч кела бошлади. Элдорнинг ўрнига майдонга тушган Скамакка бирорта яккакурашда устунлик қила олмади.
Шомуродов ортга қайтиб, ҳимояга ёрдам бергани, майдон марказида рақиблардан тўпни олиб қўйгани, вероналикларнинг пасларини тўсгани ҳам ўзбек футболчисининг ютуқларидан.
Ҳужумчининг камчиликлари ҳам кўринди. Биринчи навбатда, Элдор жамоавий ўйинга киришиб кета олгани йўқ. Кўпинча, асосий эпизодлардан четда юрди. Тўп унга оширилмаган пайтлар, майдонда ишсиз қолиб кетди. Ҳужум пайтида яхши очила олмади ва натижада ярим ҳимоячилар кимга тўп оширишни билмай қолди. Бунақа вазиятда Элдор ўзини кўрсатиши шарт. Чунки генуяликлар учун ҳар бир муваффақиятли ҳужум олтинга тенг. Сабаби, жамоа ҳужумкор эмас.
Яна бир катта минус – дарвозага зарба беришдаги нўноқлик. Элдор ҳужумчи бўлса-да, дарвозабонни қийнайдиган бирорта зарба беролмади. Ўзбекистонлик легионер бундай вазиятларда пас бертишни маъқул топди. Айниқса, тўпни орқага кўп узатди.
Элдорнинг техникаси яхши бўлса-да, рақиб ҳимоячиларини алдаб ўтиб, зарба беришга ҳаракат қилмади.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Элдор Шомуродов ўзининг энг зўр ўйинини кўрсатмаган бўлса-да, бошқалардан ортда қолгани йўқ. Ҳамма ундан қисқа фурсат ичида ўйини очилиб кетишини кутаётгани ҳам сир эмас. Элдорда камчиликларини йўқотиш ва устунликларини янада кучайтириш орқали “Женоа” етакчиларидан бирига айланиши учун унда катта салоҳият бор.
Ўзбек легионерлари фаолиятида жиддий ўзгаришлар бўлди!
Европа футболига илк қадам. Шомуродов қандай ўйнади?
"Шомуродов дебютга тайёр. Лекин уни даҳшатли ўйин кутмоқда!"
Фикрлар