"Шомуродов дебютга тайёр. Лекин уни даҳшатли ўйин кутмоқда!"
Бугун бир неча кунлик танаффусдан сўнг, “Женоа” клуби А Серияда навбатдаги учрашувини ўтказади. Коронавирус эпидемиясига юз тутган Генуя клуби сафар учрашувида “Верона” футболчилари билан рақобат қилиши лозим.
Бу ўйин “Женоа” учун катта синов бўлиши кутилмоқда. Жамоанинг асосий таркиб ўйинчиларидан 17 нафари коронавирус касаллигини бошдан ўтказди. Аксарияти тузалиб сафга қайтганига қарамай, карантин ва даволаниш вақтида майдондан узоқда ўтказилган вақт, албатта, умумий тайёргарликка салбий таъсирини ўтказиб улгурди.
Қолаверса, коронавирусдан тузалиб чиққан футболчиларнинг аксарияти қўрқув ва руҳий зўриқишга йўллиқанидан шикоят қилмоқда. Тўлиқ тикланиш учун вақт талаб қилиниши турган гап.
“Женоа” ишқибозлари ва ўзбекистонлик футбол мухлислари “Верона”га қарши учрашувда жамоага катта умидлар билан олиб келинган ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг дебютини кутмоқда. Мутахассислар эса, ҳужумчининг дебютига доир турли таҳлил ва тахминларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этмоқда.
Хусусан, championat.com сайти таҳлилига кўра, “Женоа”ни Веронада даҳшатли ўйин кутмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари қуйидагича. “Верона” А Сериянинг учта учрашувида фақат бир марта “Парма”га минимал ҳисобда мағлуб бўлди. Вероналиклар 9 имкониятдан олти очко жамғарди. Энг муҳим жиҳати шундаки, “Верона” ўз уйида зўр ўйнайди. Бу клуб футболчилари ўтган йили ўз майдонида чемпионат совриндорлари “Аталанта” ва “Интер”дан очко олди, чемпион “Ювентус”ни тиз чўктирди. Уй жамоаси мақомида ҳар қандай клубга жиддий қаршилик кўрсатадиган вероналиклар А Серияда қолиш учун курашиши кутилаётган “Женоа” билан ўйинда фақат уч очкони кўзлаб тўп тепиши аниқ.
“Женоа” чемпионатни “Кротоне” устидан 4:1 ҳисобида қозонилган ғалаба билан бошлаган эди. Иккинчи турда “Наполи” генуяликларнинг дарвозасига жавобсиз олтита тўп йўллаб, уларнинг даражаси айни пайтда қай аҳволда эканини кўрсатиб қўйди. Бошқа жамоалардан фақрли ўлароқ, “Женоа” учинчи турни ўтказишга улгурмади. Ҳозир генуяликларда кадрлар муаммоси вужудга келган. Юқорида айтилганидек, бунга коронавирус сабаб. Жамоа уч ҳафта давомида ўйин амалиётисиз ва машғулотларсиз қолди. Ҳамма футболчилар ҳам буткул тузалмагани ва тиклана олмагани учун машғулотлар тўлиқ таркибда ва кўнгилдагидек ўтказилгани йўқ.
Кўпчилик янги ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг дебютини кутмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўзбек ҳужумчиси дебютга шай. Лекин А Серияда бирдаги тўлиқ куч билан 90 дақиқа юқори даражада ўйнашга дош бера олмаслиги мумкин. Бу жамоада юзага келган умумий ҳолат баробарида ўйинчининг кучлироқ чемпионатга мослашиши учун вақт талаб этилиши билан боғлиқ масала.
Нима бўлган тақдирда ҳам, бугун бор эътиборимизни Верона шаҳридаги “Марк-Антонио Бентегоди” стадионида бўладиган ўйинга қаратамиз. Аслида ўзбекистонлик футбол мухлислари орасида “Ювентус” ва “Интер” каби гранд клубларга ишқибозлик қиладиганлар кўп. Энди эса, ҳаммамиз Элдор Шомуродовнинг ҳурмати учун “Женоа”ни қўллаб-қувватлаймиз.
“Верона” – “Женоа” ўйини Тошкент вақти билан 23:45 та бошланади. Бу учрашув “Футбол ТВ” орқали жонли эфирда намойиш этилади. Шунингдек, сайтимиз орқали матнли онлайн трансляцияни кузатиб бориш имконига эга бўласиз.
Шомуродов дебютга қандай тайёрланмоқда ёхуд у қачон майдонга тушади? (фото)
"Газини бос Шома!" Италияликлар Ўзбекистон ўйинини кузатмоқда ёхуд "Женоа" Шомуродов футболкасига катта миқдорда буюртма қабул қила бошлади
“Женоа” мухлислари талаби: Шомуродов бошланғич таркибда ўйнасин!
Фикрлар