Шомуродов атрофидаги сўнгги маълумотлар
Элдор Шомуродов мураккаб вазиятда қолган. 29 ёшли ҳужумчи ўзига имкон берилишини кутадиган ёшда эмас. У айни ўйнадиган паллада.
Бироқ, қайси клубда?
Легионеримизнинг ўзи “Рома” машғулотларида фаол иштирок этмоқда. “Рома” матбуот хизмати ҳамюртимиз ҳам бошқа футболчилар қатори қаттиқ меҳнат қилаётгани акс этган фотосуратлар, видеолавҳаларни эълон қилиб бормоқда.
Элдорнинг ўзи машғулотлар чоғидаги икки томонлама ўйинларда қатнашяпти. Мураббийлар штабига нималарга қодирлигини кўрсатишга тайёр.
“Рома” фаолиятини ёритиб бораётган romaforever.it сайти эксперти Андреа Жове пойтахт клубининг ички ҳолати ҳақида маълумот тарқатди.
- Рик Карсдорп ва Элдор Шомуродов “Рома”нинг янги мавсум режаларига киритилмаган. Клуб спорт директори Флоран Гисольфи уларнинг ҳар иккисига янги жамоа ахтармоқда. Лекин бу ўйинчиларнинг вазияти бир-биридан кескин фарқ қилади.
Нидерландиялик ҳимоячининг шартномаси яна бир йил давоми этади. Унинг “Рома”да келажаги йўқ. Рик Карсдорп умумий гуруҳга қўшилмаган ҳолда, алоҳида шуғулланиб юрибди. Вазият ўзгаришига умид йўқ. Ўнг қанот ҳимоясини туркиялик Зеки Челик эгаллаб бўлган.
Карсдорпнинг ўзи бир неча ойдан бери янги вариантларни инкор қиляпти. Унга Грецининг АЕК ва Туркиянинг “Бешиктош” клубларидан таклиф бўлганди. Нидерландиялик ҳимоячи Рим клубидан ҳар йили 2,2 миллион евро маош оляпти ва бу сумманинг пасайтирилишига кўнмаётгани боис, бошқа лигаларга ўтишдан бош тортмоқда.
Рикнинг агентлари мақбул вариант қидирмоқда. Лекин 29 ёшли футболчи жорий мавсумда ўйин амалиётисиз қолиб кетиш эҳтимоли катта.
“Рома” раҳбариятига эса, бирор дақиқа ўйнамайдиган футболчига катта маош тўлашга тўғри келаётган ёқмаяпти. Бу ҳолат ҳар икки томон учун ҳам ҳақиқий бош оғриқ бўлиб турибди.
Рим клубидан кетиши кутилаётганлар орасида Элдор Шомуродов ҳам бор. Ўтган мавсумда “Кальяри”да ўйнаб учта гол урган ҳужумчи Тригорияга қайтиб келди.
Яқинда Шомуродовнинг АҚШ чемпионати иштирокчиси “Атланта Юнайтед”га трансфер амалга ошмай қолди. Америка клуби музокараларни ижобий якунлагунича АҚШда трансфер бозори ёпилди.
Ўзбек ҳужумчисига А Серия клублари орасида қизиқиш билдирган охирги жамоа “Верона” бўлди. Лекин бу клуб билан музокаралар охирига етгани йўқ. Италияда ёзги трансферлар ойнаси 30 августда ёпилади. Унгача Карсдорп ҳам, Шомуродов ҳам ўзига янги жамоа топиши керак, - деб ёзди италиялик футбол эксперти Андреа Жове.
Таъкидлаш жоизки, Даниэле Де Росси бош мураббийлик қилаётган “Рома” таркибида бу ёз жиддий ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, янги мавсум олдидан ҳужумчилардан Ромелу Лукаку ва Сардор Азмун жамоани тарк этди. Энди асосий форвард вазифасини бажариб келган Пауло Дибала Саудия Арабистонига йўл олиши кутиляпти. Шунингдек, Тэмми Абрахам ҳам Римни тарк этишга қодир.
“Рома” кетган ҳужумчиларнинг ўрнини қоплаш учун фақатгина икки ўйинчи – Артём Довбик ва Матиас Сулени олди. Айрим мутахассислар агар Шомуродовга кузгача яхши таклиф чиқмаса, “Рома” уни захира ўйинчиси сифатида олиб қолиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Фикрлар