Шомуродов билан ўйнаган юлдуз футболдан ҳайдалиши мумкин
Италия терма жамоасининг икки ўйинчиси – Сандро Тонали ва Николо Дзаньоло полиция томонидан футбол учрашувларига пул тикканликда гумонланиб, сўроқ қилинди.
Бу воқеадан кейин Италия терма жамоаси мураббийлар штаби ҳар икки футболчини психологик ҳолатини инобатга олган ҳолда йиғиндан қайтариб юборди. Улар октябрь ойидаги ФИФА кунларида “Евро-2024” саралаш мусобақаси доирасида Мальта ва Англияга қарши ўтказиладиган ўйинларда қатнашмайди.
Таъкидлаш жоизки, бу футболчилар Англия Премьер-лигасида ўйнаяпти ва Гарет Саутгейт жамоасига қарши баҳсда уларнинг тажрибаси қўл келиши мумкин эди.
Ўтган ёз 23 ёшли Сандро Тонали “Ньюкасл” таклифини қабул қилган бўлса, 24 ёшли Дзаньоло Туркия чемпионатидан “Астон Вилла”га қўшилди.
Ҳозирча гумондорларга нисбатан ҳеч қандай айблов илгари сурилмади, шунингдек, чора ҳам кўрилмаган. Агар уларнинг айби исботланса, камида уч йилгача футболдан ҳайдалаши мумкин.
Маълумотларга қараганда, Италияда футболчиларнинг футбол учрашувларига пул тикиши қатъиян ман этилган. Бироқ улар бошқа спорт турлари учун букмекерлик идоралари хизматига мурожаат қилиши тақиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Николо Дзаньоли ўз вақтида Элдор Шомуродов билан бирга “Рома” шарафини ҳимоя қилган эди.
Фикрлар