Шомуродов мени ҳайратга солди!
Ўзбекистон доимо истеъдодларга бой бўлган. Хусусан, футболда ҳам шундай. Ҳар бир даврнинг мухлислар қалбидан жой олган, мутахассислар эътирофига сазовор бўлган юлдузлари бўлади. Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Биродар Абдураимов, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Максим Шацких, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов ана шундай ёрқин ўйинчилар жумласидандир.
Ҳозирги пайтда ўзбек футболининг энг порлоқ юлдузи сифатида ҳақли равишда Элдор Шомуродов эътироф этилмоқда.
Айниқса, ҳамюртимиз Россия футболида уч йиллик муваффақиятли фаолиятидан сўнг, Европанинг энг кучли беш чемпионати орасида мураккаблиги билан ажралиб турувчи А Серия вакили “Женоа”га ўтганидан кейин Элдорга мухлислик қиладиганлар сони кўпайиб кетди. Бугунги кунда ўзбек футболчисининг “кўҳна қитъа”даги ўйинларини Ўзбекистондан ташқари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги қатор мамлакатлардаги футбол ишқибозлари ҳам синчковлик билан кузатиб бормоқда.
Тўғри, Элдор Шомуродов Италиянинг энг қадимги клубида бир текис, барқарор ўйин намойиш қиляпти, дейишдан йироқмиз. Зўр ўйнаган кунлари ҳам, ўзини кўрсата олмаган пайтлар ҳам бўлмоқда. Жаҳон футболида бегона чемпионатга кўчиб ўтган футболчининг дебют мавсумда барқарорлик намойиш эта олмаслиги одатий ҳол ҳисобланади ва бунга етарлича мисоллар келтириш мумкин. Ҳатто жаҳон футболи юлдузлари ҳам бундай вазиятлардан ўтгани барчамизга маълум.
Шу билан бирга, Шомуродов Италия футболида “йўқолиб” қолмаганини ҳам таъкидлаш лозим.
Шомуродовнинг ўзи вояга етган мамлакатдан минглаб километр йироқда жойлашган Италиядан қўним топиб, Европа футболига кириб боргани кўплаб ёшлар учун ўрнак бўлмоқда. Бугунги кунда Элдор нафақат ўзбекистонлик, балки россиялик ёш футболчиларнинг ҳам кумири ҳисобланади. Ана шундай футболчилардан бири “Ростов” клуби тарбияланувчиси Игорь Волковдир.
Игорь футболда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилмоқда ва бунда Шомуродовни ўзига ўрнак, деб билади. Бу ҳужумчи 14 ёшида Ростовдаги олимпия захиралари ўқув-юртига кирган ва шу ерда ўзини кўрсатиб, “Ростов”нинг ўринбосарлар жамоасига жалб қилинган.
- Ўринбосарлар таркиби сафар учрашувларига асосий жамоа билан бирга битта самолётда учарди. Сафар чоғида ўзимиз ҳавас қилган юлдузларнинг майдондан ташқарида ўзини қандай тутиши, кийим алмаштириш хонасидаги жараёнлар ва машғулотлардаги хатти-ҳаракатларини бевосита кузатишдан бахтиёр бўлардик. Бу бизга жуда катта тажриба эди.
Мен Элдор Шомуродовдан ҳайратланардим. У ҳаммага ўз имкониятидан қандай қилиб оқилона фойдаланиш кераклигини амалда кўрсатиб берган футболчидир. Ўзбекистондан келган эди, Россияда футболчи сифатида юқори салоҳиятга эга эканини кўрсата олди ва Италияга таклиф қилинди. Ҳозир эса “Женоа”нинг асосий футболчиларидан бири сифатида тўп тепмоқда. Шомуродов футболда ўз ўрнини топиш усулини яққол кўрсатиб берди, - дейди Игорь Волков.
21 ёшли Игорь Волков Севастополнинг “Динамо” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Элдор Шомуродов сингари ҳужумда ўйнайдиган Игорь ҳамюртимиз ортидан бориб, ўз салоҳиятини ва иқтидорини тўлиқ очишни, кучли жамоаларда тўп тепишни, тўпурар сифатида танилишни орзу қилади.
Нима ҳам дердик, ҳамюртимизга хорижлик футболчиларнинг ҳавас қилаётгани ёқимли, албатта. Ишонамизки, Игорь Волковдан ташқари ҳам Элдор Шомуродовни ўзининг кумири, деб биладиган футболчилар сони жуда кўп. Хусусан, юртимизда ҳам Элдор каби Европа футболини забт этишни мақсад қилган ва бу йўлда ҳаракатини бошлаган ёшлар ҳам етарлича топилади. Уларга ҳам Элдорнинг йўлини берсин!
Фикрлар