“Ювентус” Шомуродов учун муҳим имконият!
Ўзбекистоннинг бугунги кундаги энг кучли футболчиси Элдор Шомуродов ўйинида пасайиш кузатилмоқда. Яқинда Тошкент шаҳрида ташкил этилган миллий терма жамоамиз ўқув-машғулот йиғинида деярли барча етакчи футболчиларимиз иштирок этди. Албатта, асосий ҳужумчи Шомуродовга мухлису мутахассислар, журналистлар, таҳлилчиларнинг эътибори кўпроқ бўлди.
Ҳужумчимиз анчадан бери Италия чемпионатида гол ура олмаётган эди. Элдор охирги маротаба 20 февраль куни “Верона” дарвозасини ишғол қилган. Кейинги ўйинларда унинг зарбалари рақиб дарвозаси тўрига бориб тушгани йўқ. Ҳамюртимизнинг голсиз сериясини Италия футболининг мураккаблиги, кучлилиги, ҳимояси мустаҳкамлиги, “Женоа”нинг ҳужумкор бўлмаган жамоа эканига йўйдик.
Тошкентдаги йиғин доирасида Гананинг иккинчи таркиби ва Ироқ терма жамоаларига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувларида ҳам бош жамоамизнинг энг ёрқин юлдузи голсиз сериясини давом эттирди. Бунгача, Шомуродов расмий ва ўртоқлик учрашувларида гол уриб, мухлисларнинг ишончини оқлаб келаётган эди.
Албатта, Шомуродовни танқид қилишдан йироқмиз. Лекин ҳужумчининг асосий вазифаси гол уришдан иборат. Элдор гол урмаса, 2022 йили Қатарда бўладиган жаҳон чемпионатига чиқа олмаслигимиз ҳам тайин. Чунки, асосий ҳужумчи сифатида саралаш ўйинларининг аксариятида айнан Шомуродов ўйнаши ҳозирдан ҳаммага маълум.
Терма жамоа йиғинидан Италияга қайтган Элдорнинг жамоаси А Серияда “Фиорентина”га қарши ўйин ўтказди.
Легионеримиз “Женоа”нинг охирги ўнта учрашувидан бештасида бошланғич таркибда ўйнаган бўлса, яна шунчасида захирадан ўйинга қўшилди. Лекин бирорта учрашувни тўлиқ ўтказгани йўқ. Айрим баҳсларда таҳлилчилар томонидан энг паст балл олди. Баъзан, энг яхши футболчилардан бири сифатида эътироф этилди. Яъни, Элдор барқарорликка эриша олгани йўқ.
Элдор А Сериядаги дебют мавсумида 22 та учрашувда учта гол уриб, битта голли пас амалга оширди холос. Шу ўйинларнинг 48 фоизида бошланғич таркибда тўп тепди ва бутун ўйин вақтининг 51 фоизини майдонда ўтказди.
Жамоа бош мураббийи Давиде Баллардини кейинги пайтда ҳужумда тажрибали Горан Пандев, тўпурарга айланган Маттиа Дестро ва ёш Жанлука Скамаккага кўпроқ ишонч билдира бошлади. Хусусан, “Фиорентина”га қарши баҳсда ҳам Шомуродов 83-дақиқада майдонга тушиб, атиги 11 дақиқа ўйнади. Бу вақт ичида тўпга уч марта тегди, иккита тўп узатишидан биттаси аниқ, иккинчиси ноаниқ чиқди, ўйинда ўзининг устун томонлари – тезлик ва темпини намойиш эта олмади.
Балки Элдорнинг бошланғич таркибга киритилмагани ва нурсиз ўйинини бир неча минг километрлик масофага чўзилган йўл азоби билан оқлаш мумкиндир. Ҳар ҳолда Тошкент ва Генуя ўртасидаги масофа оз эмас.
Нима бўлган тақдирда ҳам, ўзбекистонлик футбол мухлислари, мутахассислар, журналистлар Элдорга нисбатан ишончни сусайтирмаймиз. Унинг ўйинидан, хатти-ҳаракатидан ижобий жиҳатларни қидираверамиз. Шундай экан, энди умидимиз А Сериянинг навбатдаги турида Туринда “Ювентус”га қарши ўйиндан.
Кўпчиликнинг диққат-марказида бўладиган бу баҳсда Шомуродов бошланғич таркибга кириталадими ёки захирадан майдонга тушадими, қанча ўйнашидан қатъи назар, ўзини кўрсата олишига умид билдирамиз. Ҳар ҳолда Турин суперклубининг қишда ўзбек футболчисига қизиқиш билдирган бор гап ва бу Элдорнинг ўзига ҳам қўшимча иштиёқ ва мотивация бўлиб хизмат қилиши керак.
Айни пайтда эса Шомуродов жамоадошлари билан бу учрашувга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Бўлажак учрашув Элдорга янги имконият. Бундан фойдаланишига ишониб қоламиз.
А Сериянинг 30-туридан ўрин олган “Ювентус” - “Женоа” баҳси Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади.
Фикрлар