Шомуродов нега "Галатасарой"га ўтмагани, футболчиларимизнинг Европада кўп эмаслигининг сабаби ва Катанец нимадан қўрқмаслиги ҳақида туркиялик мутахассис билан мулоқот

Туркиялик кўзга кўринган мутахассислардан бири – Энгин Фират Осиё футболини ва хусусан, ўзбек футболидаги воқеаларни кузатишда давом этяпти. Шу сабабли, у бу борада анча-мунча маълумотга эга. 52 ёшли Фират Кения миллий терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади.

Хабарингиз бор, яқинда Туркиянинг етакчи клубларидан бири саналган “Галатасарой” Элдор Шомуродовга жиддий қизиқиш билдирган ва “Рома”га бу борада таклиф билан чиққанди. Лекин кейинчалик воқеалар ривожи турклар истаганидек кечмади. “Галатасарой”ни яхши биладиган Энгин Фират биз билан мулоқот чоғида Шомуродовнинг уларга трансфери амалга ошмагани борасида ўз фикрини билдирди.  

"Ёзда “Галатасарой” раҳбариятига сайлов бўлди. Ўша пайтда кўп нарса ноаниқ қолди. 2-3  номзод бор эди. Кимдир ўйинчилар билан гаплашди, яна кимдир бошқа нарсалар билан шуғулланди. Яъни, клубни ўз муаммолари бор эди. Шунинг учун Элдорнинг “Рома”да қолиши ўзи учун ҳам фойдали қарор бўлди. Чунки у Римда янада ўсиш имкониятига эга. Ҳали футболчингизни асосий таркибдан жой олишига имкониятлари етарли", - деди туркиялик мутахассис.

Охирги пайтларда Элдорнинг “Рома”даги тақдири юзасидан Европа нашрларида кўп ёзилди ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, легионеримизнинг “Рома”даги дастлабки мавсуми бўйича мутахассислар томонидан ҳар хил фикрлар янгради. Энгин Фират футболчимизнинг Римдаги ўтказган илк йили бўйича шундай деди:

"Биринчи мавсум учун Шомуродовнинг ўйини ёмон чиқмади. У ерда мураббийларда футболчиларнинг хатти-ҳаракатларини алоҳида ўрганадиган махсус мосламалар бор. Шунга асосан, Элдорнинг барча кўрсаткичлари яхши. Голларидан ташқари ассистларини кўпайтиришни бошлади. Иккинчи йилда тўлиқ кўникиб бўлганидан кейин ўзини бундан-да яхшироқ кўрсатиш имкониятига эга. Барибир биринчи йилда босим бўлади, янги клуб ва унинг синовлари кўп учрайди. Шу боис иккинчи мавсумда Шомуродов учун яхшироқ кечади".

фират2

Кўриниб турибдики, мутахассис Шомуродовни кузатиб келади. Табиийки, юқоридаги фикримизга исбот ўлароқ, у ўзбек футболидан хабардор. Бефарқ эмаслиги унинг гапларидан маълум. Шуларни инобатга олиб, футболимизда айнан кимларни яхши билиши, нега Европада ўйинчиларимиз камлиги ва бугунги даражамиз ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Ўзбекистонлик футболчиларнинг савияси яхши. Сизларда ҳар доим анча иқтидорли ёшлар кўп. Лекин улар кўпинча араб давлатларига кетишади. Чунки у ерда яхши пул тўланади. Барибир араб чемпионатидан Европага кетиш қийинроқ. Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Достон Ҳамдамов каби футболчиларни биламан. Улар юқори савияда ўйнайдиган йигитлар. Европада ўзбекистонлик футболчилар кўпайиши учун терма жамоа кучлироқ рақибларга қарши ўйнаб, ўзини кўрсатишлари керак. Бундан ташқари, ўйинчиларингизнинг Европада кўп эмаслигини яна бир сабаби Ўзбекистон Осиёда жойлашган ва доим ҳам ўйинчиларингизни кузатишмайди. Лекин ҳозир ёшартириш жараёни кетяпти, янги авлод етишиб чиқяпти. Балки уларда Европада ўйнаб кетиш учун ўзини кўрсатишга кўпроқ имконияти бўлар. Масалан, Сардор Рашидовни ёш пайтида биринчи кўрганимда жуда иқтидорли ва ўзига яраша маҳоратли эди. Аммо Қатарга кетди, Европага кетмади. Боя айтиб ўтганимдек, араб чемпионатидан у ерга кетиш қийин".

Булардан ташқари, миллий терма жамоамизга устозлик қилаётган Сречко Катанецни яхши билади. Бу борада Фират ҳамкасби хусусида қуйидагича муносабат билдирди.

"Сречко Катанецни ҳар доим ташқаридан кузатганман. Терма жамоалар билан яхши ишлай олади, натижа кўрсатади. Бу иш Словениядан бошланган. Ўзгаришлардан қўрқмайдиган мураббий. Ҳар бир терма жамоада ўзини кўрсатган. Ҳозир ёшларни аста-секин асосий таркибга жалб қилиб боряпти ва янги жамоани шакллантиришга ҳаракат қиляпти. Бундан у қўрқмайди. Катанец яхши натижаларга эриша олади, деб ўйлайман. Ўзбекистонни яхши ўйинчилари бор. Терма жамоангиз ҳар доим жаҳон чемпионатига чиқа оладиган жамоалар сафида бўлиши керак".

фират

Юқорида бежизга уни Кения терма жамоаси устози сифатида айтиб ўтмадик. Мутахассис Молдовадан кейин Африкага кўчиб ўтганди. Бироқ кейинчалик Кения терма жамоасида муаммолар пайдо бўлди. Буни мураббий шундай ифодалади:

"Кенияда иқтидорли футболчилар бор. Аммо ташкилотчилик ва инфраструктура бўйича муаммолар кўп. Яхши машғулот майдонлари ҳамда стадионлар кам. Шунга қарамасдан, биз у ерда ажойиб ўйинлар ўтказдик. Руандани ютдик. Уганда билан учрашувда охирги дақиқаларда ҳакамнинг қўпол хатоси туфайли гол бўлди. У яққол фолни кўрмади. Кейинчалик ҳукуматнинг футболга аралашуви туфайли Кения ФИФА тарафидан четлатилди. Ҳозиргача ушбу четлатиш амалда бўлиб турибди. Вазиятни тўғрилаш учун яхши ишлар бўлиши керак. Чунки Кенияда футболчилар ва мураббийлар бор. Шунингдек, футболни ёқтирадиган мухлислар кўп. Август ойида бу борада қарор чиқарилади. Албатта, ҳозирда четлатилган ҳолатида туриши жуда ёмон", - дейди Фират.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!